23:12 / 30.11.2017
13816

Архитектура ва қурилиш тизимидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди

Фото: Getty Images

2017 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида архитектура ва қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари юзасидан Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.

Амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тизимининг фаолияти танқид қилинди ва ислоҳотларни амалга ошириш суст олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилди. 

Соҳага доир норматив ҳужжатлар, жумладан, шаҳарсозлик қоидалари ва қурилиш меъёрларининг аксарият қисми эскирган, собиқ тузум давридан қолиб кетган, деди давлатимиз раҳбари. Ушбу меъёрларни замонавий талабларга мослаштириш бўйича кўплаб топшириқ берилган бўлса-да, бу йўналишда натижага эришилмаган. 

Жаҳон банки эълон қилган рейтингда Ўзбекистон ер ажратиш ва қурилишга рухсат олиш позицияси бўйича 135-ўринда бўлиб, бу ишларга ўртача 246 кун вақт кетиши ҳам қурилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш зарурлигига яна бир яққол далилдир. 

Шу билан бирга, шаҳарларнинг бош режалари, қишлоқларда архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш талабга мутлақо жавоб бермайди. Хусусан, 2011-2018 йилларда шаҳарсозлик ҳужжатларини янгилаш бўйича дастур атиги 30-40 фоиз бажарилган ёки жами 1 минг 200 шаҳар ва шаҳарчадан фақат 207 тасининг (17 фоизи) бош режаси мавжуд. 

Бунинг оқибатида шаҳарлар ва туманларда ўзбошимчалик билан ва чала лойиҳалар асосида қуриш ҳолатлари давом этмоқда. Бу эса мазкур аҳоли пунктлари қиёфаси жиддий бузилишига олиб келмоқда, деб таъкидлади Президентимиз. 

Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан лойиҳа институтлари фаолияти яхши йўлга қўйилмагани, бу борада илғор чет эл тажрибаси жорий этилмаётгани танқид қилинди. Жумладан, қурилиш лойиҳалари сифати паст, нархи эса асоссиз равишда юқорилигича қолмоқда. Ўз навбатида, бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда экологик жиҳатдан хавфсизлик ва энергиятежамкорликни таъминлаш масалаларига етарлича эътибор қаратилмаган. Бунинг оқибатида аксарият қурилаётган бино-иншоотлар бир қолипда ва кўримсиз бўлиб, аҳоли пунктлари қиёфасини ўзгартиришга хизмат қилмаяпти. 

Йиғилишда қурилиш ва лойиҳалаш бўйича кадрлар тайёрлаш сифати ҳам талабга жавоб бермаслиги қайд этилди. Хусусан, тизимдаги 500 га яқин вакант ўринлар, жумладан, туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлимларидаги 110 ва лойиҳа ташкилотларидаги 200 га яқин вакант штатларни тўлдиришни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди. 

Шунингдек, ҳар томонлама салоҳиятга эга бўлган профессионал қурилиш-пудрат ташкилотлари шаклланмагани, улардаги мавжуд моддий-техник база, молиявий манбалар тобора ортиб бораётган қурилиш ишлари ҳажмини тўлиқ қоплашга қодир эмаслиги алоҳида қайд этилди. 

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда шаҳарсозлик ва қурилиш қоидаларини янгилаш ва ихчамлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳоли пунктлари бош режасини тайёрлаш ва тасдиқлаш бўйича янги уч йиллик дастурни ҳукуматга тасдиқлаш учун киритиш топширилди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ер ажратиш, қурилишни лойиҳалаштириш ва фойдаланишга топшириш бўйича амалдаги қоидаларни қисқартириш ва очиқ-ойдин бўлишини таъминлаш юзасидан ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди. 

Қурилиш-пудрат ташкилотларини ривожлантириш, уларни айланма маблағлар билан таъминлаш ҳамда бош лойиҳа институтлари таркибий тузилмаси ва кадрлар салоҳиятини қайта кўриб чиққан ҳолда, замонавий архитектура талаблари асосида ҳар қандай турдаги лойиҳа ишларини амалга ошира оладиган ташкилотларга айлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. 

Йиғилишда шаҳарлардаги кўп қаватли арзон уйлар ва қишлоқ жойлардаги намунали уйларни сифатли қуриш ва муддатида топшириш, одамларнинг бу уйларга кўчиб киришини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш вазифаси юклатилди.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари раҳбарлари Қ.Ҳошимбеков ва З.Нарзуллаев вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда ушбу уйларнинг кўрсатилган муддатда топширилиши учун шахсан жавоб бериши белгилаб қўйилди. 

Йиғилишда қурилиш материаллари, жумладан, цемент, пишган ғишт, қурилиш ойнаси, чақиқ тош ва қум каби норуда материалларнинг нархлари ошиб кетиши ва бунга асосий сабаб бўлган маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми ички талаб ва экспорт учун етарли эмаслиги натижасида олибсотарлик авжига чиққани жиддий танқид қилинди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, “Ўзқурилишматериаллари” компанияси раиси Б.Зариповга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш асосида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кескин ошириш, уларни истеъмолчиларга етказиб бериш нархлари ўзгариши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиш ва шу орқали нархларнинг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш, ички талабни тўлиқ қондириш ва экспортни таъминлаш бўйича ҳукумат қарорини тайёрлаш ва тасдиқлатиш ҳамда уни амалга ошириш вазифаси юклатилди. 

Муҳокама қилинган барча масалалар бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Top