14:20 / 30.11.2017
7739

Трамп Обама даврида АҚШнинг давлат қарзи икки баробар ортиб кетганини эслатиб қўйди

© AFP 2017 / Timothy A. Clary

АҚШ президенти Дональд Трамп давлат қарзи мамлакатнинг аввалги президенти Барак Обама даврида икки баробар ортиб кетгани ҳақида эслатди. У бу ҳақда ўз твиттерида ёзган.

«Собиқ президент Обама давлат қарзини атиги саккиз йилда оширгани ҳолда демократларнинг давлат қарзи ҳақидаги сўзларини эшитиш кулгили», деб ёзган Трамп.

Сентябрь ойида АҚШ давлат қарзи 20 триллион долларлик нуқтадан ўтгани маълум бўлганди. Ўшанда Трамп маблағлар олиш жараёнини янгидан бошлаш имконини берувчи қонунни имзолаганди. Унга кўра, қарзнинг янги лимити Конгрессда 2018-молиявий йил федерал бюджети устида иш борар экан, давлат муассасаларига 8 декабргача ишлаш имконини беради.

Барак Обама президент бўлганида АҚШ давлат қарзи 10,6 триллион долларни ташкил қиларди.

2009 йилнинг февралида, ҳали мамлакат Буюк рецессия исканжасидан қута олмай турган бир пайтда, Барак Обама иқтисодиётни қайта тиклаш ва қайта инвестициялаш ҳақидаги қонунни имзолайди. Солиқларни қисқартиришга қўшимча тарзда, юзлаб миллиард доллар маблағни ишсизларни қўллаб-қувватлаш ва инфраструктура лойиҳаларига йўналтириш мўлжалланган. Обама ўшанда бу қонун "иқтисодиётни соғломлаштириш йўлидаги муҳим қадам" бўлишини таъкидлаганди, бироқ республикачилар уни давлат маблағларини беҳудага совуриш, деб баҳолашган эди.

Аввалига 787 миллиард доллар сарфлаш кўзда тутилган эди, бироқ 2015 йилда Конгресснинг бюджет бошқармаси харажатларни 836 миллиард дея баҳолаган. Федерал бюджет шакллантирилиши масъул қўмитанинг ҳисоб-китобларига кўра, фоизлари билан ҳисобланганда Америка ғазнаси ҳаммаси бўлиб 1 триллион доллардан қуруқ қолган.

Айни вақтда АҚШнинг давлат қарзи ЯИМнинг 100 фоизини ташкил қилади ва бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. 

АҚШ конгрессининг бюджет бўйича бошқармаси тузган узоқ муддатли прогнозга кўра, 2047 йилга бориб АҚШнинг юридик ва жисмоний шахслар олдидаги қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 150 фоизигача ошади. 

Президентликка келгач, Трамп ҳам камомадни оширишга хизмат қиладиган, йирик солиқ айирмалари ва мудофаа харажатларини ошириш каби бир қанча дастурларни эълон қилди. Бундан ташқари, у соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя дастурларини ўзгаришсиз қолдиришга ваъда берган. Солиқ сиёсати марказининг ҳисоб-китобларига кўра, Трамп томонидан тавсия этилган солиқ сиёсати кейинги 10 йил ичида давлат ташқи қарзининг 7,2 триллион долларга кўпайишига олиб келиши мумкин.

Top