11:40 / 05.12.2017
8912

“Самарқанд меъмор лойиҳа” ташкилоти ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузурида “Самарқанд меъмор лойиҳа” лойиҳа-қидирув ташкилотини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни эълон қилди.

Самарқанд вилояти шаҳар ва туманлари ҳудудларини архитектура ва шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш ишини тубдан яхшилаш, соҳадаги илмий-тадқиқот ишларини ва илғор чет эл тажрибасини амалиётга татбиқ этиш, замонавий техника ва технологияларни лойиҳалаштириш ва қурилишга жорий этиш, турар жойлар, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларининг замонавий турдаги, шу жумладан, экспериментал лойиҳаларини ишлаб чиқишни ташкил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти муассислигида давлат унитар корхонаси шаклидаги “Самарқанд меъмор лойиҳа” лойиҳа-қидирув ташкилотини (кейинги ўринларда “Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУК деб аталади) ташкил этиш ҳақидаги таклифига розилик берилди.

2. “Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУКнинг ходимлари чекланган умумий сони 117 нафар бўлган тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқланди.

“Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУК директорига Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишган ҳолда, зарурат бўлганда, “Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУКнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

3. Қуйидагилар “Самарқанд меъмор лойиҳа" ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманларида қурилиши режалаштирилаётган муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларни лойиҳалаштириш ҳамда ҳудуднинг архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

аҳоли пунктлари ҳудудларини қуришни ривожлантириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

транспорт ва йўл қурилиши объектлари ва комплексларини лойиҳалаштириш; 

умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини, магистрал муҳандислик тармоқларини, жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимлари билан бирга, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

намунавий лойиҳалаштиришдан кенг фойдаланиш ҳамда лойиҳаларни оптималлаштириш ва қийматини пасайтириш чораларини кўриш;

қурилишнинг илғор услубларини, замонавий ва энергия жиҳатдан самарали қурилиш материалларининг турларини лойиҳа ечимларига устувор татбиқ этиш;

илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда лойиҳалаштиришнинг замонавий, илмий жиҳатдан асосланган технологик тартибларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

лойиҳаларни энергия жиҳатдан тежамкор ва иқтисодий самараси юқори бўлган, илғор ва янги турдаги қурилиш материалларини қўллашни назарда тутадиган замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига ишлаб чиқиш;

халқаро стандартлар даражасида қўллашни назарда тутадиган лойиҳалаштириш жараёнларига замонавий стандартларни татбиқ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

соҳага оид илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан изчил ҳамкорликни амалга ошириш.

4. Белгиланишича: 

'‘Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУК раҳбари бир вақтнинг ўзида жамоатчилик асосида Самарқанд вилоят ҳокимининг лойиҳа-қидирув ишлари бўйича ёрдамчиси ҳисобланади;

“Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУКнинг Италия, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа хорижий мамлакатлардан тажрибали лойиҳачи меъморларни жалб қилиш билан боғлиқ ҳамда уларга сарф этиладиган барча харажатлари дастлабки уч йил мобайнида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан қопланади;

“Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУК Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти талабаларининг ўқув-ишлаб чиқариш амалиётини ўтишида таянч ташкилот ҳисобланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Самарқанд шаҳар, Лолазор кўчаси, 70-уй манзилидаги ўқув лабораторияси биноси мажмуаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида “Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУКга берилишини таъминлайдилар.

6. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти бир ой муддатда “Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУКнинг уставини ва штат жадвалини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди.

7. Белгилаб қўйилишича:

“Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУКнинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

“Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУК директори Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

8. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда:

“Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУКнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уни қурилиш объектларини лойиҳалаштириш соҳасида юқори малакали кадрлар ва мутахассислар билан тўлдириш;

“Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУКга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериладиган Самарқанд шаҳар, Лолазор кўчаси, 70-уй манзилидаги ўқув лабораторияси биносини капитал таъмирлаш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш чораларини кўради.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.И. Зокиров ва Самарқанд вилояти ҳокими Т.И. Жўраев зиммасига юкланди.

Top