00:21 / 08.12.2017
9557

Иорданнинг Ғарбий қирғоғидаги тўқнашувларда 100 дан кўпроқ фаластинлик жабрланди

Фото: AP

Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторида фаластинликларнинг Исроил куч тузилмалари билан тўқнашувлари оқибатида 100 дан кўпроқ фаластинлик жабр кўрди. Бу ҳақда маҳаллий тиббиёт хизматлари вакилларига иқтибос келтирган ҳолда “РИА Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Тўқнашувларга 6 декабрда АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олиниши ва у ерга АҚШ элчихонасининг кўчирилиши ҳақидаги қарори сабаб бўлган.

“Ғарбий қирғоқда жабрланганлар сони 104 кишигача етди. Улардан 4 нафари оддий, 18 нафари резина ўқлардан жароҳатланган”, деб айтди Қизил яримой жамияти вакили Ираб ал-Фукаха. 

Унинг маълум қилишича, яна 75 киши кўзни ачиштирувчи газдан ва 7 киши йиқилиш ёки зарбалардан жароҳатланган.  

Ғазо сектори соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ашраф ал-Кидра чегарада исроиллик ҳарбийлар билан тўқнашувларда 7 киши жабрланганини маълум қилган. Бир фаластинлик аёлнинг аҳволи оғир дея баҳоланмоқда. 

 

Top