Жаҳон | 19:50 / 24.05.2024
9385
3 дақиқада ўқилади

Халқаро суд Исроилга Рафаҳдаги ҳарбий операцияни тўхтатишни буюрди

Ҳаагадаги Халқаро суд Исроил зиммасига Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужумни зудлик билан тўхтатиш мажбуриятини юклади. Судялар ҳайъатига кўра, Исроилнинг бу ҳужуми Фаластин халқи учун “жуда катта хавф” туғдиради.

Халқаро суд, 2024 йил 24 май / Фото: REUTERS/Johanna Geron

БМТ судининг бу қарори, Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши Фаластин халқини геноцид қилиш айбловини кўриб чиқиш доирасида, йил бошидан бери қабул қилинган учинчи оралиқ суд буйруғи бўлди.

15 нафар судялар ҳайъатидан иборат Халқаро суднинг қарорлари БМТга аъзо барча давлатлар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади, лекин халқаро ҳуқуқда суд қарорларини ижрога қаратиш имкониятлари йўқ.

Халқаро суднинг 24 май кунги қарорига кўра, Исроил:

  • Рафаҳдаги ҳарбий операцияни тўхтатиши;
  • катта миқдорда инсонпарварлик ёрдамлари кириб келиши учун Рафаҳда Миср билан чегара ўтказиш пунктини очиши;
  • фактларни ўрганиш учун Ғазога терговчилар ва миссияларнинг кириб боришига имкон бериши;
  • 1 ой муддат ичида бу чораларнинг амалга оширилиши борасида судга ҳисобот бериши керак.

Жума кунги қарорни ўқиб эшиттирган суд раиси Навоф Саломнинг сўзларига кўра, суднинг аввалги, март ойидаги қарори Фаластиннинг қамалда қолган анклавидаги ҳолатга тўлақонли мос келмай қолган ва жорий вазият янги шошилинч чора кўришни тақозо қилган.

Навоф Салом Рафаҳдаги гуманитар вазиятни “ҳалокатли” деб атади.

Исроилнинг ҲАМАС ҳужумига жавобан ярим йилдан буён олиб бораётган Ғазодаги уруши давомида ҳудуд аҳолиси сектор жанубига, Миср билан чегарада жойлашган Рафаҳга кўчишга мажбур қилинган. Халқаро суд раиси 800 минг фаластинлик ўз уйини ташлаб чиққанини айтаркан, уларнинг хавфсизлиги ва инсонпарварлик ёрдамлари кириб келиши имконияти таъминлангани ҳақидаги Исроилнинг гапларига ишонмаслигини таъкидлади.

Бу ишда даъвогар тараф – Жанубий Африка Республика юристлари ўтган ҳафта суддан шошилинч чоралар кўришни сўраган, фаластинликларнинг омон қолиши учун Исроилнинг Рафаҳга ҳужуми тўхтатилиши шартлигини билдирган эди.

ЖАР томони суднинг жума кунги қарори “катта ютуқ” бўлганини билдирди. Республика эндиликда бу қарор юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилмоқчи.

Исроил молия вазири Бецалел Смотрич Исроил ҳукумати бу буйруқни қабул қилмаслигини таъкидлади. Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид эса БМТ суди урушни тўхтатиш талаби билан исроиллик асирларни қайтариш талабини адаштириб юборганини таъкидлади. Лапид Халқаро суднинг бундай адашишини “ахлоқий қулаш ва ахлоқий фалокат” деб атади.

Мавзуга оид