00:20 / 14.12.2017
16437

Қирғизистон Ўзбекистонга Евросиё иқтисодий иттифоқи бозорларини эгаллашни таклиф қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкентга расмий ташриф билан келган Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистонга Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) бозорларини биргаликда эгаллашни таклиф қилди.

“Биз қўшма корхоналар тузишимиз ва биргаликда ЕОИИ бозорларини излашимиз мумкин”, деб айтган Жээнбеков Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда.  
     
Жээнбековнинг айтишича, икки давлат президентлари охирги йил ичида чорак асрдан бери амалга оширилмаган ишларни қилиб юборишган, яъни барча ўзаро саволлар барҳам топди. Жээнбеков Қирғизистон президенти сифатида ушбу юқори даражадаги алоқаларни сақлашни ўз вазифаси деб билади. 

“Бугунги музокараларда мен сиз чин юракдан бизнинг халқлар орасида тўсиқлар бўлмаслигини исташингизни англадим. Биз биргаликда бунга эришамиз. Икки ой ичида жуда кўп иш қилинди. Сиз Алмазбек Шаршенович билан ҳамкорлик даражасини стратегик даражага етказдингиз. Биз буни сақлаб қолишимиз керак”, деб айтган Жээнбеков Мирзиёевга юзланиб.

Жээнбеков, шунингдек, чегараолди ҳудудларида ҳамкорлик ҳам муҳим йўналиш ҳисобланишини айтиб ўтган. Қирғизистон Президенти Ўзбекистон-Қирғизистон ҳукуматлараро комиссияси фаол иши муҳимлигини қайд қилиб ўтган.     

“Давлатларимиз бизнесменлари охирги икки ой ичида 4 марта учрашишгани қувонтиради. Қирғизистон Европа билан савдо қила олади. Бундан ташқари, биз ЕОИИга ҳам кирамиз. У ерда ҳам устунликлар бор. Қўшма корхоналар яратиб, биз биргаликда маҳсулотларни ўтказиш бозорларини топа олардик”, деб айтган  Жээнбеков.

“Бизда сиёсий ирода кўрсатиб, ҳал қилиш мумкин бўлган анча саволлар тўпланиб қолган. Биз бу иродани кўрмокдамиз ва биргаликда ишлашни давом эттирамиз. Умуман олганда, Қирғизистон делегацияси ўтказилган музокаралар натижаларидан мамнун. Бизда ҳали олдинда кўп иш ва сермазмун режалар бор”, деб қўшимча қилган Жээнбеков.

Top