16:30 / 01.01.2018
7464

2017 йилда нодавлат тиббиёт муассасалари сони 4000тага етди

2017 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ишлардан яна бири бу — хусусий тиббиёт секторини тубдан ривожлантириш билан боғлиқ бўлди. Шу мақсадда қабул қилинган Президент қарори билан хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50тадан қарийб 130тагача кўпайтирилди. Натижада, хорижий клиникаларнинг Ўзбекистондаги қўшма клиникалари ташкил этилмоқда, деб таъкидлаган Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

Шунингдек, гемодиализ, лаборатория таҳлили, стерилизация сингари тиббий хизмат турларини давлат-хусусий шерикчилик асосида — хусусий тиббиёт муассасаларига; тиббий фаолият ҳисобланмайдиган ошхона, кир ювиш каби хизматларни хусусий сектор ихтиёрига бериш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, улар 2022 йилнинг 1 январигача барча солиқ ва божхона тўловларидан озод этилди. Хорижнинг нуфузли клиникаларидан келиб фаолият кўрсатувчи мутахассисларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида солиқлар бекор қилинди.

Юртимизда нодавлат тиббиёт тизимига берилаётган бундай юксак эътибор ва имтиёзлар сабаб уларнинг сони бир йил ичида 450тага кўпайиб, қарийб 4 мингтага етди, деган Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов вазирлик расмий сайтида 2017 йил якунларига бағишланган ўз ҳисоботида.

Кейинги йилда илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда барча тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич аккредитациядан ўтказиш тизимини жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланди. Пойтахтимизда фаолиятини бошлаган «Акфа медлайн» хусусий тиббиёт муассасаси негизида мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантириш ва уларга малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув-даволаш марказини ташкил этиш, мазкур тиббиёт маркази ҳамкорлигида Корея Республикасининг олий таълим тиббиёт муассасаси ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аҳолининг ҳудудларга хос касалланиш кўрсаткичлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, тор йўналишларга ихтисослашган стационар шароитдаги хусусий тиббиёт ташкилотларини кўпроқ ташкил этиш йўлга қўйилмоқда.

Top