23:20 / 01.01.2018
81887

Газ таъминотчисининг оддий схемаси ишга тушганда. Болалар эса ўтин териб катта бўлмоқда

Фото: KUN.UZ

Ибрат ва ўрнак. Гарчи бу сўзлар моҳиятан бир хил маъно бергани билан, иккисининг орасида нозик фарқ бор. Яъни одам боласи яхшиликдан ўрнак олади, ёмон ҳодиса ва одатдан эса ибрат олиши тайин. Kun.uz таҳририятига етиб келган навбатдаги мурожаат ўқувчининг юрагини ларзага келтирса керак, бу ибратми ёки ўрнак?!

Гап шундаки, унда қишлоқ аҳолиси хонадонга табиий газ, узлуксиз электр энергияси ёки тоза ичимлик суви етиб келмаганидан шикоят қилмаган. Барчасини бир бошдан мухтасар айтайлик.

Сурхондарё вилояти Шеробод туманининг бир қисмида Кўҳитанг тоғ тизмаси ястаниб туради. Гўзал манзара акс этган тоғлар орасига кириб борсангиз, кўз олдингизда Зарабоғ ва Пашхўрд ботиқлари пайдо бўлади. Балки бу номларга тарих китобларида кўзингиз тушгандир, балки унинг буюк ўтмишидан хабарингиз бордир, аммо унинг бугунги аҳволи ачинарли ҳолатда экани ҳеч кимни қизиқтирмай қўйган!

Маълум қилинишича, 825та оила ёхуд 3118 нафар киши истиқомат қилиб келаётган «Учёғоч»​ МФЙда на табиий газ, на тоза ичимлик суви бор. Узлуксиз электр энергиясидан дараклар онда-сонда келиб қолади. Қишлоқ аҳолиси эса бор-йўғи суюлтирилган газ баллонлари қувватига кун кечиришга мажбур. Шу билан овқат пишади, қишнинг совуқ кунлари ўтади, шахсий эҳтиёж учун.. қўйингки, газ баллони қишлоқда мавжуд ҳаётнинг бирдан-бир манбаи ҳисобланади. Кишилар бу ҳаётдан норозими? Асло, уларни қийнаган масала, вақтида етказиб берилмаётган суюлтирилган газ баллонларидир.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган бир гуруҳ қишлоқ фаолларининг таъкидлашича, Пашхўрдга газ баллони икки ярим ойда (!) бир марта келади. Ваҳоланки, ана шу баллонлар ҳам қишлоқнинг барча аъзоларига етиб бормайди. Муаммо нимада?

Тартиб ва таомил шу - кимнинг баллони кўп бўлса, ўша ютади.

Аниқланишича, маҳаллада яшовчи бир қанча «ҳурматли» хонадон эгалари 8тагача газ баллони билан таъминланган, «қуйи табақа вакиллари» эса 2тасига қаноат қилади. Табиийки, кўпроқ газ баллонларига эга фуқаро бирданига шунча баллонга эҳтиёж ҳис этади, яъни бўшаб қолган 8тани келтирилган 8тасига алмаштиради. Ие, адолат қани, дерсиз? Адолат қаттиқ уйқуда хуррак отиб турган пайтда, газ таъминотчисининг бу билан нима иши бор?! У ҳам нақдидан, ҳам вақтидан ютиш учун ажойиб, айни вақтда оддий схемани ишга туширди.

Келишидан бир кун аввал занг қоқиб, маҳалланинг «газ баллонлари»ни битта ҳовлига тўплаб туришни сўрайди. Барча тўлдирилган газ баллонлар ҳам шу хонадонда қолдирилади. Ҳеч кимнинг ёнғин хавфсизлиги, тартиб ва таомил билан иши йўқ. Қарабсизки, кимдир қуруқ газ баллон билан қолиб кетиши одатий ҳолга айланади. Аслида 643 рўзғорнинг деярли 150тасида газ баллонининг ўзи йўқ. Улар кўмир ва ўтин ҳисобига кун кечиришга ўрганди, мажбур ва бу аллақачон одатий ҳол саналади.

Нега газ баллони икки ойда бир марта келтирилади?

Шундай савол билан Шеробод туман ҳокимиятига йўл олдик. Туман газ таъминоти бош муҳандисининг таъкидлашича, Шеробод туманида суюлтирилган газ баллонларни тўлдириш маркази мавжуд эмас. Қўшни туманларда мавжуд имкониятдан фойдаланишга мажбур бўлаётган мутасадди аҳолига газ баллонларни ўз вақтида етказиб бериш учун қўшимча транспорт воситаси ҳам йўқлигини маълум қилди. Бу унинг муаммога сабаб қилиб кўрсата олган ягона важи бўлди.

Хулоса шу бўлдики, ҳеч бир тараф ечимни аниқ кўрсатиб бера олмади. Аҳоли эса шунчаки газ баллонларни бир ойда бир марта алмаштирилишини (ваҳоланки бепул эмас, тўлови бор) сўрамоқда. Буюк келажакни совиб турган тўрт девор ичида яшаётган оилаю, кун бўйи ўтин териб юрган болалар билан қуришнинг имконияти йўқ.

Top