00:48 / 07.01.2018
128897

Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосари ва Солиқ қўмитаси раисига икки ҳафта муҳлат берди

Фото: Президент матбуот хизмати

5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессия бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари вилоятда ислоҳотлар ва вазифаларни бажарилишига танқидий баҳо бериб, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботиржон Парпиев, вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Одилхон Рустамовга шартли икки ҳафта муддатда бажарилиши лозим бўлган янги вазифаларни белгилаб берди.

«2017 йилда Бўка, Бекобод, Юқори Чирчиқ, Янгийўл туманларида ва Ангрен, Бекобод шаҳарларида маҳаллий бюджетга солиқ тушуми режаси тўлиқ бажарилмагани сабаблари ўрганиб чиқилсин. Ўрганиш натижасига кўра, вилоят миқёсида қўшимча солиқ захираларини тўлиқ ишга солиш чора-тадбирларини тасдиқлаш зарур. Иқтисодиёт ривожланса, ишлаган ва ишламаганлар бир хил бўлиб қолиши мумкин эмас», – деб таъкидлайди Президент.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, маҳаллий бюджет даромадининг ҳар бир манбаси бўйича тўғри тақсимоти бажарилса, ана шунда даромад пайдо бўлади.

«Биз иқтисод бозорига жуда катта пул ташладик: ҳам нақд, ҳам кредит. Лекин бозор уларни ҳазм қилолмади. Бир пайтлар қоғоздаги инфляция мавжуд бўлган, ҳозир ҳақиқийсини кўрсатмоқдамиз. Инфляция эса ўз-ўзидан пастга тушмайди, унинг учун ҳар бир ҳудуд молиявий манба яратиши зарур», деб таҳлилларни ҳавола этиб борди Президент.

Top