05:10 / 10.01.2018
12470

Ички бозорда истеъмол товарлари ва хизматлар нархлари кескин ошиши олдини олиш чоралари кўрилади

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Дастурнинг III боби «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган. Унинг Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга бағишланган дастлабки бўлимида амалга оширилиши мўлжалланаётган қуйидаги чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Тараққиётнинг инновацион моделларини жорий қилиш орқали илғор ғоя, ноу-хаулар яратиш ва «ақлли» технологияларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган иқтисодиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳа билан Ўзбекистонни технологик ривожлантириш ва ички бозорни модернизация қилиш бўйича миллий дастур тасдиқланади. Дастурда:

  • инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий ва институционал асосларини яратиш;
  • иқтисодиётни бошқаришнинг янги механизмларини, замонавий ва илғор технологик ёндашувларни жорий этиш;
  • инновациялардан фойдаланувчи, рақамли технологияларни жадаллаштирувчи, муқобил энергия манбаларини жорий қилувчи, ишлаб чиқаришнинг экологик тоза услубларини йўлга қўювчиларни рағбатлантириш механизмлари;
  • иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигини баҳолашнинг инновацион мезонларини жорий этиш назарда тутилади.

Хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, мамлакатнинг инвестицион ва туристик жозибадорлигини ошириш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини кучайтириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари.

  • Инвестициялар ҳамда туристларни мамлакатимизга жалб қилишга кўмаклашишни элчилар фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаш;
  • Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналарининг ҳар бирида савдо ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи штатини жорий қилиш, уларга хос бўлмаган функция ва вазифаларни юкламаслик чораларини кўриш;
  • элчихона ходимларини лавозимига қўйишда уларнинг иқтисодий билимларини синовдан ўтказиш назарда тутилади.

Пул-кредит сиёсатини амалга ошириш ва уни ривожлантиришнинг ўрта муддатли Концепциясини ҳамда 2018–2021 йилларда Концепцияни амалга ошириш бўйича «йўл харитасини» ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, унда босқичма-босқич инфляциявий таргетлаш режимига ўтиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳа билан кoнцепция вa йўл хaритaси тасдиқланади. Мазкур ҳужжатларда пул-кредит сиёсатини амалга оширишнинг усул ва механизмларини халқаро тажриба ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, хусусан:

  • умумиқтисодий, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатини мувофиқлаштириш амалиётини такомиллаштириш, бунда иқтисодий ўсиш, давлат бюджетининг баланслашганлиги ва иқтисодиётдаги нархлар даражасининг барқарорлиги бўйича ўзаро ҳаракатлар ва мақсадларнинг келишилганлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш;
  • ликвидликни бошқариш операциялари бўйича пул-кредит сиёсатининг самарали қўлланиладиган фоиз инструментлари турларини кенгайтириш;
  • тижорат банклари томонидан фоиз ставкаларини шакллантиришда, шу жумладан, кредитлар бўйича бозор механизмларини кенг жорий этиш;
  • илғор хорижий тажрибага мувофиқ макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлашни такомиллаштириш;
  • олиб борилаётган пул-кредит сиёсатининг, жумладан, амалга оширилаётган сиёсатда қўлланилаётган инструментлар ва якуний мақсадлар тўғрисида ахборот етказиб бериш йўли билан, шаффофлик ва прогноз қилиш имкониятини ошириш каби муҳим вазифалар ва уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади.

Банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва унга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, жумладан, «мижозлар банк учун эмас, банк мижозлар учун ишлаши лозим» шиорини кенг жорий қилиш.

Идоравий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳа билан комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланади. Дастурда:

  • аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
  • кўрсатилаётган хизматлар тартибини соддалаштириш ва янги замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда хизматлар турларини кўпайтириш, шу жумладан, масофадан туриб хизмат кўрсатиш турларини жорий қилиш назарда тутилади.

2018 йилда мамлакат ички бозорида истеъмол товарлари ва хизматлар бўйича нархларнинг кескин ошишини олдини олиш.

Комплекс чора-тадбирлар дастури. Дастурда:

  • ички истеъмол бозорига асосий озиқ-овқат ва бошқа истеъмол товарларининг узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш;
  • истеъмол товарлари бўйича юзага келиши мумкин бўлган тақчилликни олдиндан аниқлаш ва бу бўйича тегишли чораларни кўриш;
  • хом-ашё ва истеъмол товарлари импорти бўйича эркин рақобатни таъминлаш;
  • мамлакат ички бозорида рақобат муҳитини жонлантириб бориш ва сунъий равишда яратилиши мумкин бўлган тақчилликларнинг олдини олиш назарда тутилади.

Валюта сиёсатини иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан, бизнес ва инвестициявий муҳитни яхшилаш мақсадида янги таҳрирда «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси. Лойиҳада:

  • халқаро тажрибани чуқур ўрганиш асосида ҳамда тадбиркорлар эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, валюта операцияларини тартибга солишни соддалаштириш;
  • валюта бозори фаолиятини янада такомиллаштириш ва эркинлаштириш каби муҳим вазифалар назарда тутилади.

Инновацион технологияларга асосланган ҳамда банк хизматларининг сифатини ва улардан фойдаланиш имкониятларини оширувчи банк хизматларининг янги турларини, хусусан  «рақамли банклар»ни, шунингдек, аҳолига чакана хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган банкларни ташкил этиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада «рақамли банклар» ва аҳолига чакана хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган банкларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, шу жумладан, уларнинг фаолият юритиш тартиби, лицензия талаб ва шартлари назарда тутилади.

Инновацион технологияларни кенг қўллаган ҳолда етакчи хорижий тўлов тизимлари билан интеграциялашган замонавий чакана тўлов тизимларини ривожлантириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада етакчи хорижий тўлов тизимлари билан интеграциялашган замонавий чакана тўлов тизимларининг (Visa, Mastercard, Union Pay ва бошқалар) ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш ва уларнинг фаолият юритиш механизмлари белгиланади.

Фонд бозорини ривожлантириш, соҳада давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилиш, давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ҳамда ортиқча назорат функцияларини бекор қилиш ва молия бозори учун ягона давлат органини ташкил этиш.

Норматив-ҳужжатлар лойиҳалари. Лойиҳаларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги ва Давлат рақобат қўмитасининг тегишли таркибий бўлинмалари ҳамда Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази негизида молия бозорини ривожлантириш бўйича мустақил давлат органини ташкил этиш назарда тутилади.

Аҳолининг бўш пул маблағларини иқтисодиётнинг реал секторига жалб қилиш мақсадида корхоналар томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни сотиб олишни рағбатлантириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада аҳолининг бўш пул маблағларини иқтисодиётнинг реал секторига жалб қилишни рағбатлантиришни таъминлаш учун қимматли қоғозларни сотиб олувчи жисмоний шахсларни даромад солиғидан озод этиш назарда тутилади.

Аҳолининг бўш пул маблағларини фонд бозорига жалб қилиш орқали уларнинг реал даромадларини оширишга ҳамда фонд бозорини ривожлантиришга эришилади.

Бюджет даромадлари ва харажатларини халқ учун очиқ ва ошкора бўлишини таъминлаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада давлат бюджети ва бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатларини халқ учун очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш, бюджетнома муҳокамасида жамоатчилик фикрини инобатга олишга қаратилган аниқ механизмлар назарда тутилади.

Миллий стандартларнинг халқаро стандартлар билан уйғунлашуви жарёнини жадаллаштириш.

Чора-тадбирлар дастури. Дастурда:

  • экспортни янада рағбатлантириш мақсадида техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро стандартларга уйғунлаштириш;
  • республикада амалда бўлган 21.586 та стандартларни илғор мамлакатларда жорий этилган халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш;

ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни «ўзбек бренди» номи билан олиб чиқишдан иборат аниқ тадбирлар назарда тутилади.

Мавзу
2018 йилги Давлат дастури

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди, у 15 январга қадар давом этади.

Барчаси
Top