22:00 / 10.01.2018
13799

Қозоғистонлик депутатлар Назарбоевга қулоқ солмай унинг исми билан кўчани номлашди 

Фото: Дмитрий Азаров / «Коммерсантъ»

Жанубий Қозоғистон вилояти маслиҳати (кенгаши) депутатлари Чимкент шаҳридаги шоҳкўчалардан бирини мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев исми билан номлашга қарор қилдилар. Бу ҳақда вилоят акиматида маълум қилинган.

Таъкидланишича, вилоятнинг маъмурий маркази жойлашган Остона шоҳкўчаси Назарбоев шоҳкўчаси деб қайта номланади. Бу ташаббусни Назарбоевни қўллаб-қувватловчи “Нур Отан” партиясининг Чимкентдаги бўлими раҳбари Умирзақ Малдаханов билдирган. Кўчанинг қайта номланиши муддати маълум қилинмаган.

Ўтган йил ноябрда Назарбоев номи билан Олмаотадаги собиқ Фурманов кўчаси аталганди. Ўшанда Назарбоев шаҳар раҳбариятининг бу ишидан норози бўлганди.

“Мен барча қозоғистонликларга буни қилмасликни айтаман. Керак эмас. Гап умуман бундамас. Тарихда ишлар билан қолиш керак. Узоқ умр кўриш билан, қандайдир ҳайкаллар билан эмас, ишлар билан. Ҳайкаллар билан даврлар ўтиб нималар бўлишини ҳаммамиз тарихдан яхши биламиз. Атадилар ҳам дейлик. Яхшиямки менинг исмим Фурманов кўчасига берилган, бошқасига эмас. Олмаота барибир она шаҳрим. Яъни ҳаммаси учун раҳмат, бироқ буни қилиш керакмас”, деб айтганди Назарбоев.    

 

Top