11:38 / 13.01.2018
18148

Узилган ришта 

Ҳар ким ҳам уй-жойи, рўзғори бекаму кўст, ҳавас қиларли бўлишини исташи, тўкин-сочин ҳаёт кечиришга интилиши табиий. Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳити яратилди, тадбиркорликка, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очилди. Ушбу имкониятлардан фойдаланаётган ишбилармонлар, корхоналарнинг ишчи-хизматчилари, қўли гул ҳунармандлар, савдогарлар, қурувчилар хорижий иш берувчилар таклиф қилаётганидан кам даромад топишаётгани йўқ, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидай бирданига мўмай пул ишлаб топиш илинжида норасмий иш берувчиларнинг ваъдаларига учиб, хорижга чиқиб кетганларнинг аксарияти эса уйларидан йўлкирага пул сўраб олиб, қуппа-қуруқ қайтишга мажбур бўлишяпти. Айримлари одам савдоси қурбонига айланишяпти. Хорижда иши юришганлар ҳам йўқ эмас. Бироқ... Меҳр кўзда, дейдилар. Узоқ вақт кўришмай юрган қариндошлар, эру хотин ўртасида меҳр-оқибат ришталари узилиб бораётганини ҳаётий мисолларда кўриш мумкин. Ўзаро ишончсизлик, рашк туфайли оилалар бузиляпти. Баъзан эру хотиннинг ойлаб, йиллаб айро яшаши фожиали оқибатларни келтириб чиқаряпти.

Судланувчи Меҳмонали Атҳамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қирқ беш ёшга киргунича бир неча марта хорижга бориб, ишлаб келган. Онасига пул юбориб турган. Ўғлига енгил автомобиль олиб берган. Сўнгги бор 2016 йилнинг апрель ойида Россияга чиқиб кетган. Турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-укалари билан уяли телефонда гаплашиб юрган.

Орада рафиқаси Муяссархоннинг телефонини тез-тез ўчириб қўйиши дилида шубҳа уйғотади. Маҳаллий вақт билан соат 22:00ларда рафиқаси жавоб бермагач, тўнғич ўғли Нуралига қўнғироқ қилади.

- Телефонни онангга бер.

- Ойим уйда йўқ.

- Қаёқда юрибди?

- Билмадим. Эрталаб чиқиб кетганди.

Меҳмоналининг ичини мушук тимдалайди. Кечаси қайларда, нималар қилиб юрибди? Укасининг телефон рақамини теради. “Фарғонадаги ошхонага ишга кирибди. Қатнаб, ётиб қолиб ишларкан...” Маҳмудалининг сўзлари жаҳлини чиқарди. Рўзғорда ҳеч қандай камчилик бўлмаса, нимага ишлагиси келиб қолибди? Нимага мендан бир оғиз сўрамади, дея 2017 йилнинг 30 март куни хориждан уйига қайтиб келади.

- Ниманг етмаяпти, нимага ишга кириб олдинг? – холи қолганларида рафиқасини тергайди.

- Пулларингизни онангизга жўнатсангиз. Зарур бўлиб қолганда ялиниб олсам, боламга дори пулини ҳам қизғониб берса, нима қилай, ишлайманда!

- Бекор айтибсан. Йиғиштир ишингни.

- Бўпти, жавобимни беринг.

Бирон марта гап қайтармаган рафиқасининг авзойи Меҳмоналини ҳовуридан туширади. Балки, гумонларим беҳудадир, деган хаёлга боради. Арқонни узун ташлайди. Апрель ойининг бошида укаси Маҳмудали гап топиб келади. “Келинойим Фарғонада ўртоғингиз Сафарбекнинг машинасида юрибди”.

- Кира қиларкан, мен билан яна уч кишини шаҳарга элтиб қўйди, - дея Муяссархон ўзини оқлайди. Бироқ, Меҳмоналини шубҳа-гумонлар баттар чулғаб олади. Ҳар қадамини пойлашни кўнглидан ўтказади.

- Ойинг шифохонага бораман, деяпти. Билдирмай кузатгин-чи!

Нурали “Дамас” машинасида онасининг ортидан тушади. Туман марказида Муяссархон Сафарбек билан кўришади, унинг “Матиз” машинасига ўтиради. Йигирма дақиқача гаплашганларидан сўнг машинада кетиб юборишади. Уйдаги уруш-жанжаллардан юрак олдириб қўйган Нурали отасига “Ойим шифокорга учради”, деб ёлғон гапиради. Апрель ойи ўрталарида Муяссархон Фарғонага отланади. Нурали отасининг гапини икки қилмай, ортидан кузатиб боради. Шаҳар марказида Муяссархонни Сафарбек қарши олади. “Матиз” машинасига миндириб кетади. Нурали уларни қўл телефонида суратга туширади. Қувага қайтгач, катта амакиси Элдоралига суратларни кўрсатади.

- Беркитиб қўй, - дейди амакиси. – Отанг кўрмасин. Кўрса, оқибати ёмон бўлади.

Нурали суратларни “Дамас” машинасининг бардачогига яшириб қўяди. Якшанба куни Меҳмонали ўғлидан калитни олиб, “Дамас”да қорамол бозорига боради. Даллолликда унча-мунча одамга дарс берадиган Сафарбек билан кўришади. Дилига ғашлик оралайди. “Дамас”нинг бардачогини титкилаб, суратларга кўзи тушади. Уйга қайтаётиб, дўкондан ароқ олади. Ичиб ўтирганда кириб келган хотинини “Йўқол, кўзимга кўринма”, дея ҳайдаб солади. Кўчага чиқмай қўяди. Ароқ ичиб ётаркан, фикру хаёлини рафиқасини йўлдан урган “дўсти”дан қасд олиш қамраб олади.

Меҳмонали 19 апрель, чоршанба куни кундузи соат бирларда ўғли Нуралига машинани ўт олдиришни буюради.

- Мингчинорга борамиз. Сигир сотиб оламиз. Йўл-йўлакай Сафарбек тоғангни олиб кетамиз. Савдони пишириб беради.

Меҳмонали қўл телефонида Сафарбек билан гаплашади. Уни “Дамас”га миндириб олишади.

- Савдолашиб, сигирни олиб берсанг, ювамиз, - деди Меҳмонали йўлда бораётиб. – Қайтишда чойхонада ош қилиб бераман.

Мингчинордаги боғларга етиб боришди. Меҳмонали атайлаб олган темир қозиқни курткаси енгининг ичига яширади. Боғ ичига бошлайди. Ўғлига машинага кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлайди.

- Дўстингдан топ, деганлари шу экан-да, а? Эй ифлос, ўртоғингни хотини билан ишрат қилиб юрибсанми?

- Ҳа, юрибман, нима дейсан? Ғунажин кўзини сузмаса, новвос арқонни узармиди, ҳезалак!

Меҳмонали енгидан темир қозиқни чиқарди-ю, ўзига нисбатан бўйчан, бақувватроқ Сафаралига ташланди. Дуч келган жойига ураверди. Югуриб келиб, ажратишга уринган ўғлини яқинига йўлатмади. Сафарбек йиқилганида ҳам темир қозиқ билан бошига аямай ураверди. Типирчиламай қолгач, ҳансираб қозиқни ирғитиб юборди.

- Оёғидан кўтар, - ота-бола қонга беланган Сафарбекни машинага ортишди.

Оёқ-қўллари қалтираётган Нурали машинани юргиза олмади. Рулга Меҳмоналининг ўзи ўтирди. Гулистон қишлоғи томон юрди. Йўл-йўлакай тинмай сўкинди. Буғдойзорнинг четида тўхтади. Жасадни буғдойзорда қолдириб кетишди. Элдоралининг уйига кириб боришди. Нурали амакисига бўлган ишни сўзлаб берди.

- Юр, йўл бошла, - Элдорали жияни билан буғдойзорда ётган, билинар-билинмас нафас олаётган Сафарбекни машинага ётқизиб, шифохонага олиб борди. Бироқ, у йўлда жон берган экан.

Айбига тўлиқ иқрор бўлган М.Атҳамов узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Top