15:12 / 30.01.2018
27307

Ўзбекистон иқтисодиёти қанақа хусусиятларга эга бўлиши керак-ки, у рақобатбардош ҳисоблана бошласа?

Фото: KUN.UZ

2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, жумладан, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида ҳам рақобатбардош иқтисодиётни барпо этиш иқтисодий фаолиятдаги энг муҳим вазифа этиб белгиланган.

Савол туғилади: Иқтисодиёт қанақа хусусиятларга эга бўлиши керак-ки, у рақобатбардош ҳисобланса? Бу масалага ойдинлик киритадиган мақолалар мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида деярли чоп этилмаган. Шунинг учун бу борада сўз юритишдан олдин ушбу саволга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрайлик.

«Рақобатбардош иқтисодиёт» деганда мақбул суръатлар ва мутаносиблик билан ўсиб борадиган миллий иқтисодиёт, унда хусусий мулкчиликка асосланган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун яратилган керакли шароитлар, аҳоли турмуш даражасини доимий яхшиланиб боришига хизмат қиладиган бозор иқтисодиёти қонунлари асосида ишлаб чиқилган хўжалик механизми, ишлаб чиқариш ресурслари эркин ҳаракатланадиган ва бозор механизми ёрдамида тартибга солинадиган очиқ иқтисодий тизим тушунилади.

Жаҳонда молиявий иқтисодий инқироз асоратлари тўлалигича бартараф этилмаган бир шароитда бундай олий мақсадга эришиш учун айнан бизнинг мамлакатимизда асосли имкониятлар мавжуд. Фақат аввал бир нарсани аниқлаб олишимиз лозим: жаҳон молиявий иқтисодий инқирози, жумладан, унинг иккинчи босқичи (2014–2015 йиллар) Ўзбекистон иқтисодиётига қай даражада ўз таъсирини ўтказди, унинг асоратларини бартараф этиш учун қайси чора-тадбирларни ва қандай кетма-кетликда амалга ошириш лозим?

Мамлакатимиз иқтисодиёти жахон хўжалигининг таркибий қисми эканлиги ва бошқа мамлакатлар иқтисодиёти билан чамбарчас боғланганлигини тушуниш учун иқтисодчи-олим бўлиш шарт эмас.

Глобал молиявий инқироз жаҳон бозорида шаклланган мувозанатни бузди, унинг конъюнктурасида юз берган ўзгаришлар Ўзбекистон экспорт қиладиган стратегик товарларга бўлган талаб ҳажмини камайтириб, уларнинг нархлари тушиб кетишига олиб келди. Бунга табиий газ, енгил автомобиллар, пахта толаси ва минерал ўғитларни мисол келтириш мумкин. Натижада, мамлакатимизга келаётган валюта тушумлари камайиб, олтин-валюта захирасининг қисқариши юз берди.

Меҳнат муҳожирлари томонидан жўнатиладиган пул ўтказмаларининг камайиши ички бозор сиғимининг қисқариши, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарнинг катта қисмида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасининг пасайиб кетишига, томорқаларда ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари миқдорининг кескин камайишига олиб келди. Пировард натижада, мамлакатимиз иқтисодиётида бир қатор мураккаб номутанобликлар вужудга келди, бу эса иқтисодий-ижтимоий масалалар ечимини мураккаблаштирмоқда. Бунга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин.

Оилалар даромадининг асосий қисми (65 фоиздан кўпроғи) озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишга сарфланмоқда. Агар тегишли чоралар кўрилмаса ва бу жараён шундай давом этаверса, ноозиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш ва бошқа эҳтиёжларни қондириш учун йўналтириладиган маблағлар улушининг камайиб бориши, бу эса бандлик масаласини тез ҳал этишга хизмат қиладиган тикувчилик, чарм-пойабзал ва бошқа меҳнат сиғими юқори бўлган соҳа корхоналарининг ривожига салбий таъсир кўрсатиши аниқ.

Натижада, 2017 йилда ҳам амалга оширилган кенг кўламли макроиқтисодий чора-тадбирларга қарамасдан, ўтган йилларга ўхшаб, меҳнатга лаёқатли ёшга кирган аҳолининг катта қисми иқтисодиётнинг ташкилий сектори доирасидан четда қолиб кетди ва меҳнат бозоридаги, айниқса, қишлоқ жойлардаги кескинлик сақланиб қолди. 9 миллион кишидан кўпроқ иқтисодий фаол қишлоқ аҳолисининг кўпи билан 10 фоизи фермер хўжаликлари томонидан қамраб олинган бўлиб, тахминан 70 фоизи эса 400 минг гектардан иборат томорқаларда фаолият кўрсатмоқда. Албатта, бу рақамларнинг қанчалик аниқ эканлигини билиш учун мамлакатда 27 йилдан бери ўтказилмаган аҳоли хатловини амалга ошириш лозим. Фақат шу йўл билан жойлардаги иқтисодий-ижтимоий аҳволга объектив баҳо бериш ва ушбу масалаларни ҳал этишга қаратилган ҳар томонлама асосланган дастурлар ишлаб чиқиш мумкин.

Мамлакат иқтисодиётида юзага келган аҳволга чуқур таҳлиллар ёрдамида холисона баҳо бериш ва юзага келган номутаносибликларни бартараф этиш борасида муайян кетма-кетликка амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш — бугунги куннинг энг долзарб вазифаси эканлигини ҳамма яхши тушунади. Рақобатбардош иқтисодиётни барпо этиш масаласининг энг мураккаб томони — бу келажакда мамлакат иқтисодиётида локомотив ролини бажарадиган соҳаларни танлаб олишдан иборат.

Асоссиз стереотиплар ва эскича фикрлашлар четга сурилиб иш тутилса, мамлакатимизни қийин иқтисодий ҳолатдан чиқиб кетишини таъминлаши мумкин бўлган соҳа — бу қишлоқ хўжалиги бўлиб чиқади. Иқтисодиёт назариясидан маълумки, аграр соҳани ривожлантириш учун бошқа соҳаларга нисбатан камроқ иқтисодий ресурслар талаб этилади. Агар яқин беш йилда мамлакатимиз саноатига 10–15 миллиард АҚШ долларига тенг инвестициялар жалб этиш йўли билан уни 1,5 бараварга ўстириш мумкин бўлса, шу вақтнинг ўзида бир неча баравар кам, асосан, ички молиявий ресурслар ёрдамида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини икки баравар кўпайтириш мумкин.

Бунинг исботи тариқасида шундай мисол келтириш мумкин: бир гектар ердан 40 центнер буғдой олинса — даромад жаҳон бозори нархларида 800 долларни ташкил этади. Шу майдондан олиниши мумкин бўлган 7–8 тонна узумнинг қиймати тахминан 8 минг долларга тенг. Фарқ — 10 баравар. Ғаллани ўрнига 300 минг гектарда юқорида кўрсатилган экинлар жойлаштирилса, 5 йилдан кейин экспорт ҳажми қўшимча 10 миллиард долларга кўпаяди. Сув ресурслари, минерал ўғитлар, ёқилғи сарфининг камайишини инобатга олсак, экспорт ҳажмини айнан узум, мева ва полиз маҳсулотлари ҳисобига максимал даражада, иккиланмасдан кенгайтириш кераклигига ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Глобал молиявий инқироз таъсирида ушбу маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги нархлари пастга тушмаганлиги шу йўналишга устунлик берилишининг яна бир асосидир.

Шу борада, энг долзарб ва биринчи навбатда амалга оширилиши лозим бўлган масала — бу мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўринга эга бўлган тўқимачилик корхоналари, пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларининг молиявий мониторинги ва раҳбар кадрларни аттестациясини ташкил этиш, уларни замонавий мутахассислар билан кучайтириш, барчаси самарали фаолият кўрсатиши учун манфаатдорликни таъминлайдиган ва илмий асосланган чора-тадбирлар ишлаб чиқишдир.

Бундай ёндашувни тўқимачилик корхоналарини кластерлар ташкил этиш йўли билан хомашё таъминоти бўйича янги тизимга ўтиши ҳам тақозо этмоқда. Инновацион технологияларни махсус билимга эга бўлмаган, эскича дунёқарашга эга бўлган кадрлар билан амалга ошириш мантиққа тўғри келмайди. Нега деганда, ҳар қандай иқтисодий экспериментни амалга оширишдан аввал, унинг салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам инобатга олиш зарур.

2016 йилнинг охирида соҳа ривожига тегишли қабул қилинган ҳукумат қарорига айрим қўшимчалар киритилса, юқори мақсадларга эришиш кафолати ошади. Жумладан, юзга яқин корхонанинг ҳаммаси ҳам халқаро бозорларда мустаҳкам ўрнашиб олган Туркия ва Хитой компаниялари билан рақобатга дош беролмаслигини инобатга олиш лозим. Трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни фақат катта халқаро савдо-иқтисодий алоқалар тажрибасига эга, самарали корпоратив бошқаруви ва муқим меҳнат жамоалари шаклланган компанияларимиз зиммасига юклаш мақсадга мувофиқ эмасми? Экспортни рағбатлантирувчи чоралар фақат саноат корхоналарининг манфаатларига хизмат қилмасдан, хомашё етиштирувчи фермер хўжаликларининг манфаатларини ҳам инобатга олган ҳолда тузилиши керак. Шундай қилинса, халқаро бозорларга тезроқ кириб бориш имконияти кенгаяди ва кредитларнинг ўз вақтида қайтарилиши кафолатланади.

Мамлакатимиз иқтисодиётида вужудга келган номутаносибликлар инфляция жараёнининг тезлашишига олиб келгани, бу эса жамиятимизда ижтимоий кескинлик эҳтимолини кучайтирадиган асосий сабаб эканини тушуниш қийин эмас, албатта. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз ҳаётида кечиктириб булмайдиган масала, бу аҳолини ҳамёнбоб нархларда, аҳоли сарф-харажатлари ичида энг катта улушга эга булган гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашнинг замонавий тизимини ташкил этишдир. Бу ишни тўғри йўлга қўйиш учун конвертация ҳам, хорижий инвестициялар ҳам керак эмас.

Фақат қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришда вужудга келган номутаносибликни бартараф этиш йўли билан узоқ йиллар давомида ҳеч қандай имтиёзларсиз чорвачилик билан шуғулланиб, мамлакат аҳолисини таъминлаб келаётган деҳқон хўжаликларини асосланган нархларда озуқабоп маҳсулотлар билан таъминлашни йўлга қўйиш кифоя. Бунинг учун уларга тегишли бўлган чорвани хатловдан ўтказиш, илмий-тадқиқот мутахассисларини жалб қилган ҳолда озуқа рациони ва балансини тузиш, етиштирилган маҳсулот хариди ва ветеринария хизматини замон талабларига мос ҳолатга келтириш лозим бўлади.

Инновацион иқтисодиётни барпо этиш ишлари бугун бошланаётгани йўқ, албатта. Биринчи қадамлар анчадан бери қўйилиб келмоқда, лекин мамлакатимиз аҳолиси учун энг катта аҳамиятга эга бўлган масала, яъни рақобатбардош ун ишлаб чиқариш масаласи ушбу жараёнлардан четда қолиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон 1,3 миллион гектар суғориладиган ерларга ғалла экиб, 7 миллион тоннадан ортиқ буғдой етиштиради. Шунга қарамасдан, маҳаллий уннинг хусусиятларига боғлиқ ҳолда четдан жуда катта миқдорда ушбу маҳсулотни импорт қилишга мажбурмиз. Муайян қўшимча чора тадбирлар амалга оширилса, аҳолимизнинг унга булган талаби асосан ўзимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулот эвазига қондирилиши мумкин, бу эса оилалар бюджети учун жуда муҳим. Шу йилдан бошлаб нон заводларида маҳаллий ундан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар миқдорини (сифатга эътиборни қаратган ҳолда) кўпайтириш ва ассортиментини кенгайтириш ишлари кучайтирилса ижобий натижаларга тезроқ эришиш мумкин. Бу йўл билан ҳам хуфёна иқтисодиётнинг кўлами қисқаради, ҳам аҳолининг катта қисми ташкилий сектор билан қамраб олинади. Инновацион технологиялар ёрдамида ушбу масалани ҳал этиб, мамлакат ичидаги рақобат курашида енгиб чиқсак, халқаро бозорларга маҳсулот чиқариш кўламини кенгайтириш анча осон кечади.

Аҳоли озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун қанча кам маблағ сарфласа, шунчалик бошқа товарлар ва хизматларга нисбатан тўловчанлик қобилияти ошиб бораверади. Ҳозирча коммунал тўловлардан вужудга келаётган катта миқдордаги кредиторлик қарзлар электр энергияси ва табиий газни ишлаб чиқарувчи ва истемолчиларга етказиб берувчи ташкилотларнинг молиявий ҳолатини оғирлашувига сабаб бўлмоқда. Бунга давлат буюртмасини бажаришга жалб этиладиган саноат корхоналари ҳам шерик.

Мавжуд муаммолар комплекс тарзда ечилса мамлакатимиз иқтисодиёти учун жуда катта муаммо бўлиб турган нарса — табиий газ нархини жаҳон бозори нархларига яқинлаштириш муаммосини ечиш мумкин. Бунинг учун маркетинг тадқиқотлари асосида юқори рентабелликка эга булган, сув ва кимёвий воситаларни камроқ талаб қиладиган маҳсулотларни излаб топиш, уларни илмий асосланган ҳолда тегишли табиий иқлим зоналарида жойлаштириш лозим. Ҳолландиялик гулчилар табиий газнинг минг кубометрини 300 доллардан сотиб оладилар ва гулларни Новосибирскка етказиб бериб фойда кўрадилар. Биздаги сарф харажатлар уларникидан анча кам эканлиги аниқ.

Қишлоқ хўжалигида юқори самарадорликка эришсак, унинг ёрдамида кимё саноати, қишлоқ хўжалик машинасозлиги, энергетика соҳалари ҳам юқори чўққиларга кўтарилиши мумкин. Мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари кўпайиб бориши билан бирга саноатнинг истеъмол товарлари ишлаб чиқарадиган бошқа соҳалари ҳам ривожланиб бораверади. Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, давлат бюджети даромадларини кўпайтириш учун ЯИМ айнан 5–6 фоизли суръатлар билан ўсиши шарт эмас. Ундан кўра кўпроқ иқтисодий фаолиятнинг самарадорлигини оширишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Ўзингиз тасаввур қилинг: бизда табиий газ ички бозорда таннархга тенг баҳода сотилади, ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиб ЯЛПИ ИЧКИ МАҲСУЛОТ ҳажми ҳам ошади, аммо самарадорлик кўрсатгичлари кўнгилдагидек бўляптими? Чексиз хорижий инвестицияларни жалб этиш йўли билан энергия ресурсларини кўпайтиришдан кўра, улардан самарали фойдаланиш тўғрисида кўпроқ бош қотиришимиз керак. Ишлаб чиқариш корхоналари ва аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган табиий газ ва электр энергияси ўртасидаги оптимал нисбатни топсак, мамлакатимиз иқтисодиётида янги саҳифалар очилади ва иқтисодий инқилобга эришган бўламиз.

Маҳсулот таннархини пасайтириш, энергия тежамкорлигига эришиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳисобига юкори рентабелли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, жаҳон бозорининг ўзгарувчан конъюктурасига тез мослаша оладиган технологияларни жорий этиш, шуларга ва ташқи савдодаги ижобий сальдога эришишни таъминлайдиган хўжалик механизмини яратиш — бир суз билан айтганда, маркетингни ислоҳотларнинг байроғи сифатида баланд кўтариш — бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидандир. Шундай йўл тутсак мураккаб туюлаётган масала, яъни жаҳон молиявий инқирози таъсирида вужудга келган номутаносибликларни бартараф этиш ва Ўзбекистон миллий иқтисодиётини рақобатбардош миллий иқтисодиётлар қаторига қўшиш масаласини тез суръатлар билан ҳал эта оламиз. Бу юксак маррага эришиш давлат бошқарув органлари, олимлар ва тадбиркорларнинг уйғунликда ҳаракат қилишини тақозо этади.

Илҳом Вафаев,
иқтисодчи.

Top