Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 2023 йилдаги 6 фоизлик кўрсаткичдан кейин 2024 йилда бироз секинлашиши кутилмоқда.

Ҳукумат жорий йилда 5,6–5,8 фоизлик иқтисодий ўсишни прогноз қилган. Халқаро молиявий институтларнинг кутилмалари бундан бироз фарқ қилади.

Жаҳон банки ўтган ҳафта эълон қилган янги ҳисоботида 2024 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши бўйича ўз прогнозини январ ойида эълон қилинган прогноз кўрсаткичдан 0,2 фоиз бандга пасайтириб, 5,3 фоиз деб белгилади. Кеча, 15 апрел куни эса Осиё тараққиёт банки жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 5,5 фоизга ўсишини тахмин қилди.

Жаҳон банки кутилмалари

Жаҳон банкининг “Европа ва Марказий Осиё иқтисодиётлари шарҳи” номли янги ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистонда кутилаётган фискал консолидация чоралари ҳамда мамлакатнинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Хитойга экспорт ўсиши суръатларининг секинлашиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, ЯИМ ўсиши 2024 йилда 5,3 фоизни ташкил этади.

Иқтисодий ўсиш асосан тузилмавий ислоҳотларнинг давом этиши ҳисобига қўллаб-қувватланади. Хусусан, бунга давлат корхоналарини реструктуризация қилиш ва давлат активларини хусусийлаштириш, шунингдек, энергетика соҳасини ривожлантиришга йирик сармоялар киритиш таъсир кўрсатади.

Энергетика соҳасида тарифларни ислоҳ қилиш билан боғлиқ равишда ички энергия бозорида нархларнинг нисбатан кескин ошиши ҳисобига 2024 йилда инфляциянинг ошиши кутилмоқда (ушбу жараён аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш чоралари билан бирга амалга оширилади). Бу тўлақонли инфляцион таргетлашга ўтишни якунлаётган Ўзбекистон Марказий банкининг қатъий пул-кредит сиёсати билан қисман қопланади. Ўрта муддатли истиқболда инфляция 8 фоизгача секинлашиши кутилмоқда, бу эса Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичидан юқори, дейилади ҳисоботда.

Таъкидланишича, 2024 йилда импорт ўсиши суръатлари мўътадил бўлиши кутилмоқда. Бироқ айрим товарлар импорти иқтисодиётнинг турли тармоқларини модернизация қилиш ва аҳолининг ўсиб бораётган истеъмолини қондириш учун фойдаланилишини ҳисобга олсак, импорт ўсиши суръати барқарор бўлиб қолади.