01:00 / 24.02.2018
28579

Кореяга йўл олаётган ўзбекистонлик ишчилар имижини ошириш учун қандай ишлар қилинмоқда?

Корея Республикаси 16 мамлакатдан ишчи кучини жалб қилиб келади. Чет эллардан қабул қилинадиган 57 000 ишчи ўриндан Ўзбекистонга ажратилган квота миқдори - 3000. Ўзбекистонда эса "ҳозироқ Кореяга кетишга тайёр" кишилар сони 200 мингдан ортиқ... Шу маҳалгача Кореяга имтиҳондан ўтганлар 2710 кишини ташкил қилади. Шу ўринда табиий савол туғилади - нима учун ўзбекистонлик ишчилар Кореяда рақобатбардош эмас ва умуман бу борада вазирлик томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда? Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи миграция агентлиги вакиллари KUN.UZ'га қуйидагиларни маълум қилишди:

"Бугунги кунда Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги KOICA ўқув марказларида малакали мутахассислар тайёрлаяпмиз, тил ўрганиш имкони ҳам бор, буларнинг бари бепул. Бундан ташқари, Бекобод шаҳрида Миграция маркази ташкил қилинади. Ундан кейин Пахтаобод, Шаҳрихон, кейинчалик ҳар бир вилоятдаги марказий коллежларда миграция марказлари ташкил қилинади. Мавжуд барча муаммоларни ҳал қилсак, кейинчалик квота сонини оширишимиз мумкин", - дейди Ташқи меҳнат миграция агентлиги раҳбари.

Шунингдек, миграция агентлиги вакилларининг маълум қилишича, фуқаро тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, уларнинг маълумотлари номзод сифатида база (Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан юритилади)га киритилади. Кореялик иш берувчилар унинг ичидан кераклисини танлаб олади. Номзоднинг маълумотлари иш берувчига маъқул келсагина, у билан шартнома тузилади. Демак, фуқароларнинг тестдан ўтиши унинг иш билан таъминланишини кафолатламайди. Зеро иш берувчи танламай қолса, жараён амалга ошмай қолиши мумкин. Икки йилдан кейин қайта тест жараёнидан ўтиш имкони мавжуд. Тест жараёнидан ўтиш учун Ўзбекистон фуқароси албатта корейс тилини билиш керак.

Бундан аввал ўзбекистонлик ишчилар Корея Республикасида мамлакат имиджини тушириб юборишгани  ҳақида KUN.UZ'да хабар берилганди. Унда Корея инсон ресурслари марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Пак Сан Лу қуйидаги турдаги шахслар Корея Республикасида Ўзбекистон имиджига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида айтиб ўтган:

•    Тил билмайдиган шахслар;

•    Кўп иш ўзгартирувчи шахслар;

•    Ноқонуний меҳнат фаолиятини юритувчилар.

Бундан ташқари, KUN.UZ мухбири Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи миграция агентлиги ва Корея тест маркази билан ҳамкорликда 2018 йил учун чора-тадбирлар режаси тузилган ёки йўқлиги ва уни омма эътиборига тақдим этиш имкони мавжуд ёки йўқлигига қизиқди. Маълум бўлишича, ҳозирча бундай чора-тадбирлар режаси йўқ. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, 27 февраль куни Ўзбекистонга Корея делегацияси келади, томонлар барча масалаларни муҳокама қилган ҳолда, талаб ва таклифлардан келиб чиқиб, яқин йиллар учун чора-тадбирлар режасини тузишади ва уни оммавий ахборот воситалари эътиборига тақдим этишади. Шунингдек Ташқи меҳнат миграция агентлиги раҳбарияти Кореянинг ўзида реестрга тушган ўзбекистонликлар сонини аниқлаштириб, KUN.UZ'га хабар қилишга ваъда берди.

Top