00:40 / 04.03.2018
14112

Эркин ва юнон-рум кураши. Осиё чемпионати: уч олтин медал ва ўзбекистонликлар умумжамоа ҳисобида 4-ўринда

Фото: United World Wrestling

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 27 февраль куни старт олган эркин ва юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпионати эртага — 4 март куни якун топади.

Бугунга келиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган 12 спортчи медаллар шоҳсупасига кўтарилишга муваффақ бўлишди ҳамда 3 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медал билан умумжамоа ҳисобида Хитой, Эрон ва Япониядан сўнг 4-ўринни эгаллаб туришибди.

Спортчиларимиздан эркин кураш спорт турида 70 кг вазн тоифасида Ихтиёр Наврўзов финалда жанубий кореялик Ли Сюнг-Бонгни, Магомед Ибрагимов 97 кг вазнда эронлик Мўжтабо Гулийжни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритишди.

Яна икки финалчимиз — 57 кг вазнда Маҳмуджон Шавкатов шимолий кореялик Канг Кум-Сонгга, 79 кг вазнда Рашид Қурбонов эронлик Иззатулоҳ Аббосга имкониятини бой бериб кумуш медал эгасига айланишди.

Темуржон Усмонохунов 65 кг вазнда бронза медалига эга чиқди.

Юнон-рум кураши тури бўйича Элмурад Тасмурадов 63 кг вазнда мусобақа мезбони — қирғизистонлик Урматбек Аматов устидан ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди.

97 кг вазнда Рустам Ассакалов, 103 кг вазнда Мўминжон Абдуллаевнинг ҳар иккиси эронлик спортчилар Мустафо Солиҳийзода ва Беҳном Маҳдийзодага ютқазиб кумуш медал билан қаноатланадиган бўлишди.

60 кг вазнда Исломжон Баҳромов, 67 кг вазнда Мирзобек Раҳмонов, 72 кг вазнда Арам Варданянга бронза медаллари топширилди.

Аёллар ўртасида ўтказилган эркин кураш турида 59 кг вазнда Насиба Есенбаева кумуш медалга эга чиқди.

Top