Спорт | 19:17 / 13.06.2023
19218
2 дақиқада ўқилади

Шамсиддин Воҳидов шахмат бўйича Осиё чемпиони бўлди

Қозоғистонда ўтказилган турнирда у биринчи ўринни қўлга киритди.

Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида шахмат бўйича Осиё чемпионати ўтказилди. Унда 18 та давлатдан, жумладан, Қозоғистон, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Филиппин, Шри-Ланка, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур ва Ўзбекистондан келган 127 нафар спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Шахмат бўйича «Осиё қироли» унвони ўзбекистонлик гроссмейстер Шамсиддин Воҳидовга (FIDE рейтинги - 2583) насиб этди, у 7 очко тўплаб, мусобақа ғолиби бўлди. Кумуш медални эронлик гроссмейстер Бардия Данешвар (2555), бронза медални қозоғистонлик шахматчи Алишер Сулейменов (2463) қўлга киритди. Ҳар иккала спортчи 6,5 очко тўплади.

Шу билан бирга, очиқ блиц турнирда қозоғистонлик 20 ёшли Аристан Исанжулов чемпион бўлди. Аёллар ўртасида яна бир қозоғистонлик 18 ёшли Ксения Балабаева ғолибликни қўлга киритди.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида Олмаота шаҳар ҳокими ўринбосари Асем Нусупова, шунингдек, Осиё шахмат федерацияси президенти Шайх Султон бин Халифа Ол Наҳаён иштирок этди.

Энди мусобақанинг энг яхши олти иштирокчиси, жумладан Шамсиддин Воҳидов ҳам 29 июлдан 26 августгача Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон кубогида иштирок этади. Мусобақа финалчилари жаҳон шахмат тожи учун номзодлар турнирига йўл олади. Унинг ғолиби жаҳон чемпиони, хитойлик Дин Лижэн билан шахмат тожи учун баҳслашади.

Мавзуга оид