11:25 / 15.03.2018
7607

Orascom Telecom Holding Ўзбекистоннинг телекоммуникация соҳасига сармоя киритиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти иштирокида Миср Араб Республикасининг Orascom Telecom Holding компанияси бошқаруви раҳбари Нажиб Савирис билан музокара бўлиб ўтди. Мисрлик бизнесмен 14-16 март кунлари Ўзбекистонда бўлиб, Ўзбекистон АТ-саноатининг салоҳияти, яқин истиқболдаги режалар билан танишмоқда.

Фото: O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI AXBOROT TEXNOLOGIYALARI VA KOMMUNIKATSIYALAR

Нажиб Савирис учрашувда Ўзбекистоннинг телекоммуникация соҳасига сармоя киритишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Шу муносабат билан, Orascom Telecom Holding билан АТ-инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан маълумотларни қайта ишлаш марказларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида томонлар ҳар икки томон учун манфаатли бўлган келишувларни амалга ошириш, сармоя киритиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Фото: O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI AXBOROT TEXNOLOGIYALARI VA KOMMUNIKATSIYALAR

Ўзбекистон бўйлаб сафари давомида Нажиб Савириснинг Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташрифи режа қилинмоқда.

Фото: O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI AXBOROT TEXNOLOGIYALARI VA KOMMUNIKATSIYALAR

Эслатиб ўтамиз, Orascom Telecom Holding компанияси жаҳоннинг қатор мамлакатларида, жумладан Буюк Британия, Покистон, Иордания ва бошқа давлатларда телекоммуникация хизматларини кўрсатади.

 

Top