Ўзбекистон | 11:23 / 29.05.2023
3755
2 дақиқада ўқилади

Телекоммуникация соҳасида айрим фаолият турлари учун давлат божи 50 фоизга камайтирилади

Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасида Сенат навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби доирасида кўриб чиқиладиган масалалар тегишли давлат органлари ва ташкилотлар масъуллари, экспертлар иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Фото: senat.uz

Қўмита аъзолари “Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни муҳокама қилди.

Қонун билан теле- ва радиоканалларга, уяли алоқа виртуал операторларига ўз фаолиятларини амалга оширганлари учун тўлайдиган давлат божи миқдорлари камайтирилиб, уларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) томонидан радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатганлик учун тўланадиган йиллик давлат божи миқдори ҳам камайтирилмоқда.

Қонун билан теле- ва радиоканаллар томонидан телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштирганлик, қурганлик, улардан фойдаланганлик ва уларнинг хизматлар кўрсатганлиги учун тўланадиган давлат божи миқдорлари илгариги миқдорларга нисбатан мос равишда 50 фоизга камайтирилмоқда.

Ушбу ўзгартиришларга асосан эндиликда теле- ва радиоканаллар томонидан юқоридаги фаолият турлари учун тўланадиган давлат божини йилнинг ҳар чораги учун тенг миқдорларда бўлган ҳолда тўлашга имконият яратиб берилмоқда.

Муҳокамалардан сўнг қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид