13:43 / 16.03.2018
14068

Марказий Осиёдаги ўзгаришлар: Остона учрашуви жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди

Фото: Президент матбуот хизмати

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган амалий учрашуви тарихий ва минтақавий нуқтаи назардан жуда муҳим воқеа бўлди, дейилади Қозоғистоннинг Tengrinews нашрида эълон қилинган мақолада.

Бир томондан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари бир жойга тўпланадиган тадбир анчадан бери ташкил этилмаганди. Бошқа томондан, минтақа давлатлари ўртасидаги икки томонлама муносабатларда сезиларли муваффақиятларга эришилди.

Биринчидан, Ўзбекистон ташқи сиёсатини қайта шакллантириш жараёнини бошлади ва барча қўшнилар билан муносабатларни тиклашга киришган. Бу Ўзбекистон президентининг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга қилган ташрифлари натижалари кўринади.

Иккинчидан, Қозоғистон ва Қирғизистон Қирғизистонда президент ўзгарганидан сўнг икки томонлама муносабатларни оқ қоғоздан бошлади.

Учинчидан, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Россия ҳамда Хитой ўртасидаги тобора кучайиб бораётган сиёсий зиддиятлар шароитида, беқарор Афғонистон омили ҳисобга олинган ҳолда, минтақа давлатларига турли жаҳон ва минтақавий қудратли кучлар ва блоклар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви Марказий Осиё давлатларида ички сиёсий ва иқтисодий вазиятга таъсир қилмаслиги учун ягона позицияни ишлаб чиқиш талаб этилади.

Бундай шароитда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар тикланишини фақат олқишлаш мумкин. Янги геосиёсий ва геоиқтисодий воқеликларда бу бутун минтақа учун зарур қадамдир.

Минтақадаги интеграция жараёнлари эҳтимолий чуқурлигига оид сиёсий прогнозларга келинса, минтақада иқтисодиёт ва сиёсат соҳасида кучли интеграция учун истиқболлар анча яхши.

Минтақавий интеграция нуқтаи назаридан, ушбу ҳудуддаги давлатлар Европа иттифоқи каби минтақавий ташкилотни ташкил этмасликлари мумкин, аммо маданий-гуманитар соҳада интеграция эҳтимолга яқин.

Шу нуқтаи назардан Шимолий кенгаш (Nordic Council) – Шимолий Европа мамлакатлари парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун ташкилот тажрибаси фойдали бўлади (ушбу ташкилотга Дания, Швеция, Норвегия, Финляндия ва Исландия киради).

Минтақа халқларининг маданий-тарихий яқинлиги ва узоқ муддатли яхши қўшничилик муносабатларининг ижобий тарихи Марказий Осиё халқлари ўртасида маълум бир умумийликни юзага келтиради. Кўп жиҳатдан у, масалан, Шимолий Европа мамлакатлари маданий ва тарихий бирлиги моделига ўхшаш.

Шу боис, чуқур иқтисодий ва сиёсий интеграция истиқболлари ҳали ҳам узоқ бўлган шароитда маданий-гуманитар соҳада бу жараёнларни бошлаш керак. Келгусида бу минтақавий интеграцияга янада чуқурроқ талаб пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Top