23:00 / 22.03.2018
50735

Тошкент шаҳар прокурори: 3 опа-сингил ҳалок бўлгани билан боғлиқ жиноий иш судга оширилган

Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов 

2017 йил 8 ноябрь куни Тошкент шаҳри Олмазор тумани Бешқўрғон МФЙда истиқомат қилувчи оиланинг 3 нафар вояга етмаган фарзанди кетма-кет вафот этгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларни ларзага солган эди. Айни ҳолат бўйича очилган жиноят иши борасида тергов ишлари якунланиб, судга оширилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов маълум қилди.

“Ушбу жиноят иши бўйича тергов жараёни тугаган ва судга оширилган. Уни суд кўриб чиқмоқда”, - деди Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов KUN.UZ мухбирининг саволига қисқа жавоб берар экан. Шерзод Облоқулов, шунингдек суд ҳукми чиқиб, кучга кирмагунча бошқа изоҳ бера олмаслигини билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Бешқўрғон мавзеи (Тансиқбоев-3)да яшовчи оиланинг уч норасида фарзанди кетма-кет вафот этгани ҳақида 11 ноябрь куни хабарлар тарқади. Ижтимоий тармоқларда бу оилани яқиндан таниган қўшниларнинг сўзларига кўра, қизлар қийма кабоб тановул қилганидан сўнг қоринда оғриқ пайдо бўлганини айтишган. Кейин эса оғриқ қолдирувчи дори истеъмол қилишган. Бироқ бироз вақт ўтгач, қизларнинг аҳволи янада оғирлашиб, улардан бирининг жони «тез ёрдам» машинасида узилган. Қолган қизларнинг ҳам аҳволи оғир бўлганлиги сабаб юқумли касалликлар шифохонасига жўнатилган. Аммо, афсуски улар ҳам бирин-кетин вафот этишган. 

Машъум фожиа: Тошкентда бир оиланинг уч қизи бирин-кетин вафот этди

Даставвал,Олмазор тумани прокуратураси мазкур иш юзасидан ЎзР ЖКнинг 186-моддаси 4-қисми "а" банди, (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни сотиш, сақлаш ёки сотиш, ишларни бажариш ёхуд хизмат кўрсатиш, инсон ўлимига сабаб бўлса) билан жиноий иш қўзғатган эди.

Top