“Намозов”ми “Номозов?”
Заҳматкаш халқимиз қарийб 70 йил давомида шўро ҳукуматининг зуғуми остида озодлик келишини кутиб яшади ва қилган холис ниятлари рўёбга чиқиб 1991 йилда энг улуғ неъмат – Мустақилликка эришди. Мустақиллик йилларида юртимиз ва халқимиз ўз меҳнаткашлиги ва тиришқоқлиги билан ўтган 70 йил давомида йўқотган нарсаларини қайта қўлга киритишга, қарийб унутилаёзган буюк тарихимизни ўрганишга эришди. Бироқ 70 йил давомида ҳар жабҳада миллатимиз турли йўллар билан ўзлигини йўқотишига аста-секинлик билан кўниктирилиб, мослаштирилиб келинди, дейиш мумкин. Бу нарса кўп ҳолларда ўз аксини топган. Шу даражага бориб етди-ки, ҳатто ўзбек кишиларининг исмларини ўзгартириш, бузиш ишлари ҳам киши билмас тарзда олиб борилди. Бу ҳолатларни ана шу йилларда фуқароларга берилган юридик ҳужжатларда кўриш мумкин: ўзбек исмлари русча кўринишда, руслаштириб ёзилган.
Бир куни дарс вақтида икки ўқувчим ўзаро фамилияларининг ўхшашлиги борасида тортишиб қолишди ва болаларча одат билан якуний, яъни энг тўғри жавобни, ҳукмни мендан кутишди ва менга ўзаро тортишаётган саволларини беришди. Бу иккала ўқувчи “Намозов” фамилияли ўқувчилар бўлиб улар бир-бири билан ўзининг фамилияси ўзбек тили грамматикаси қоидаларига кўра тўғри ёзилганлиги ва аксинча ўртоғининг фамилияси нотўғри ёзилганлиги борасида тортишаётган эдилар. Улар мендан энг тўғри жавобни кутишгач, мен масалага жиддий қарадим ва уларнинг фамилиялари билан уларнинг паспорт нусхаларидаги ёзуви бўйича қизиқиб кўрдим ва айтишим мумкинки, болаларнинг иккаласи ҳам ҳақ эди! Чунки бир хил фамилия иккита паспортда икки хил ёзилган эди. Бирида “Намозов” иккинчисида “Номозов”. Лекин ҳаёт ҳақиқатига кўра икки хил нарса ўзаро тўғри бўлмайди, яъни бу иккита фамилиядан бири нотўғри ёзилганлигини исботлаб беришим керак эди, афсуски, болаларда иккала вариант ҳам тўғрилигини исботловчи кучли далил – юридик ҳужжат паспорт бор эди.
Мен болаларга Намозов деб ёзилган ёзув имло қоидасига кўра тўғри ёзилганлигини тушунтиришга киришдим ва мунозарани янада авж олишига сабабчи бўлдим. Кейин ушбу мунозарани келтириб чиқарган сабаб қаердан келиб чиққани ҳақида ўйлаб қолдим. Ҳақиқатан ҳам бу каби ҳолат исм ва фамилияларнинг нотўғри ёзилиши бўйича ягона ҳолат эмас. Сўнгги вақтларда бу каби, айтиш мумкинки, кулгили ҳолатларга ҳар қадамда дуч келяпмиз, десак асло муболаға бўлмайди.
Яна бир танишим паспортида отасининг исми “Обидиллаевич” деб ёзилганлигини кўриб, бунга қизиққанимда ўша танишим асли отасининг исми “Абдулла” бўлганлигини, кейинчалик паспорт беришаётганида отасининг исмини “Обдилла” деб нотўғри ёзиб беришганини, кейинги гал эса янада ўзгартириб “Обидилла” деб ёзиб беришганини айтиб берди. Ўз исмининг бу тарзда бузилишидан буюк ёзувчиларимиз Абдулла Авлоний, Абдулла Қаҳҳорлар ҳам қабрида тик туришган бўлса эҳтимол. Бир вақтлар бир Қаюм ака деган киши билан бирга ишлардик, ўша кишининг паспортига фамилияси лотин ёзувчида “KAUM” деб ёзилганлигини кўргандим, аслида ўша исм “QAYUM” тарзида ёзилса, миллатимиз кўзгуси бўлган она тилимиз қоидалари бузилмас ва маънодор бўлган исм қанақадир лақабга айланиб кетмаган булар эди.
Шу тариқа ўзбек миллатига хос бўлмаган янги исмлар пайдо бўлган, бу исмлар, менимча, мана шу паспорт эгасидан бошқа ҳаммага бегона бўлса керак, агар шу исм маъноси кимгадир керак бўлиб қолса исмлар маъноси китоби, интернет-у википедияларда ҳам топилмаса керак. Бухгалтерия ва архив ишларига оид соҳаларда ишлайдиган кишилар исм-фамилиянинг айнан бир хил ёзилиши жуда муҳим эканлигини айтишади ва агар келгусида бир исм ёки фамилия икки марта ёзилса вақти келиб ўша кишининг ҳужжатларида ва пенсияга чиқишида катта сарсонгарчиликлар ва мураккабликлар келтириб чиқаради. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, албатта, паспорт беришда фуқаронинг исм-фамилиясининг ўзбек тилининг имло қоидалари бузилмаган ҳолда, тўғри ёзилишига қатъий эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Аслида, ўзбек тилининг грамматикаси, имло қоидалари шу қадар муҳим, бунга шу қадар жиддий қаралади-ки, Олий ўқув юртига кириш учун давлат имтиҳонида абитурентга қўйилган саволларда мисол тариқасида “йўл” сўзи “йул” қабилида ёзиладими ёки “йўл” қабилидами, деган саволга абитуриент мабодо нотўғри жавоб бериб қўйса, у олий таълимга ўқишга кира олмаслиги мумкин. Яъни, биргина сўз билан бир инсоннинг тақдири ўзгариб кетади. Биргина сўз шу қадар аҳамиятли экан нега энди ўша сўздан бир неча маротаба муҳим ва аҳамиятли бўлган бир исмга мутлақо эътиборсизлик билан қараймиз?
Бунга эътиборсиз қарайдиган ва паспорт столидаги кишиларнинг хатоларини турли хил сабаблар билан оқлашга уринадиган кишиларга яна бир факторни келтираман: сиз бирорта рус исмини ёки фамилиясини икки хил вариантда ёзилганлигини кўрганмисиз? Андрей минг йилдан бери Андрей, Сергей исмидаги ҳарфлар ҳам бирор марта ўзгармаган. Тўғри, бир исмини турли кўринишларига дуч келиш мумкин, масалан, Александр, Александро, Алессандро, Алешандро каби, бироқ бу ҳолатлар бир исмнинг турли миллатлардаги турли кўринишларидир, бизда эса бир исмнинг ўнга яқин варианти бир миллат ичида учрамоқда. Хулоса шуки, арзимасдек туюлган бу хатолик вақти келиб бир иллатга айланади. Бундай бўлмаслиги учун ҳаракатни ҳозирданоқ бошлаш зарур.
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
20:17 / 05.11.2024