17:57 / 11.04.2018
8631

Аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлашга доир қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси билан Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси ҳамкорлигида “Аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлашнинг ҳуқуқий асослари: амалиёт ва халқаро тажриба” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақида parliament.gov.uz сайтида хабар берилди

Тадбирни ўтказишдан мақсад – мамлакатимизда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш учун «Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, ушбу йўналишнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш, бу борада ҳорижий давлатларнинг қонунчилик тажрибасини ўрганиш ва муҳокама этишдан иборат.

Унда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, шу жумладан оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш давлатимизнинг энг устувор вазифалари сифатида белгиланиши нафақат бугунги кун, балки келажак учун тўғри эканлиги, шу боис, мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда ушбу йўналишда хуқуқий асосларни замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш ўта долзарблиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “2016-2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ва бир қатор Фармойишларнинг қабул қилиниши,  мамлакатимизда “Соғлом она – соғлом бола” мақсадига эришишга қаратилган вазифаларни изчил ва тизимли амалга оширишда асос бўлаётганлиги қайд этилди.

Фото: parliament.gov.uz

Тадбир иштирокчилари томонидан аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлашнинг ҳуқуқий асослари ва уни такомиллаштириш зарурати, ушбу соҳадаги ютуқлар ва муаммолар, республикада ёрдамчи репродуктив технологияларнинг қўлланиш амалиёти ва халқаро тажриба юзасидан кенг муҳокама қилинди.

Миллий қонунчиликда аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлашнинг негизи бўлган сабабларга, яъни бепуштликни бартараф этиш, фарзанд кўра олмаслик муаммоларини ҳал этишдаги ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш хуқуқлари, ёрдамчи репродуктив технологияларни тадбиқ этиш, унинг қандай турларига рухсат берилиши, амалиётнинг давлат ёки хусусий тиббиёт муасассалари томонидан қай тарзда амалга оширилиши, уларга лицензия бериш ва аккредитациядан ўтказиш каби кўплаб масалалар бўйича иштирокчиларнинг фикр мулоҳазалари тингланди.

Фото: parliament.gov.uz

Шунингдек, тадбирда фуқаролар соғлиғини сақлаш сиёсатини амалга оширишда замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали тиббий кадрларни, шу жумладан, илмий даражага эга бўлган мутахассис кадрларни тайёрлаш масаласи ниҳоятда долзарблиги, айниқса репродуктология, эмбриология, андрология йўналишларида нафақат илмий даражали малакали мутахассисларга, балки оддий мутахасисснинг ўзига эҳтиёж катталигича қолаётганлиги қайд этилди.

Ушбу муаммоларнинг ечими сифатида қонунчиликни такомиллаштириш, давлат тиббиёт муасассалари билан бирга хусусий секторнинг ривожланиши, рақобат асосида тиббий хизмат сифатининг ошишига, тиббий туризмни ривожлантиришга яхши асос бўлиши туфайли  янги иш ўринлари яратилишига имкон бериши хам тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида таъкидланди.

Фото: parliament.gov.uz

Давра суҳбати якунида аҳолининг репродуктив саломатлигини таъминлашдаги ютуқлар ва муаммолар, ёрдамчи репродуктив технологияларнинг қўлланиш амалиёти юзасидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

 

Top