10:17 / 12.04.2018
15679

Ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарор ва уни танлаш ҳақидаги хулоса бирлаштирилмоқда

Фото: Добрострой

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек бизнес юритиш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармоннинг 2-иловасидаги 2018 йил 1 июнидан бекор қилиниши назарда тутилаётган тадбиркорлик фаолиятининг айрим лицензиялаштириладиган турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари рўйхатига кўра уларнинг бирлаштириш йўли билан бекор қилинадиганлари санаб ўтилган.

Жумладан, телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштириш, уларни қуриш, эксплуатация қилиш, телекоммуникация тармоқлари хизматини кўрсатиш каби алоҳида фаолиятларни лицензиялаштриш энди «Телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, эксплуатация қилиш ва хизмат кўрсатиш» умумий номи остида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан лицензиялаштирилади.

Ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарор, ер участкасини танлаш ҳақидаги хулоса энди маҳаллий туман (шаҳар) ҳокимининг Ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарорига бирлаштирилади.

Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва бута экинларини кесиш учун келишув ва Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва бута экинларини кесиш учун рухсатнома туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан бериладиган Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва бута экинларини кесиш учун рухсатномага бирлаштирилади.

Ов ва спорт қуроли ҳамда унга ўқ-дориларни олиб кириш ва олиб чиқиш учун рухсатнома, Ов ва спорт қуроли ҳамда унга ўқ-дориларни харид қилиш, сақлаш ва ташиш учун рухсатнома, Ов ва спорт қуроли ҳамда унга ўқ-дориларни реализация қилиш учун рухсатнома эндиликда «Ов ва спорт қуроли ҳамда унга ўқ-дориларни олиб кириш ва олиб чиқиш, харид қилиш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш учун рухсатнома» кўринишида Ички ишлар вазирлиги томонидан берилади.

Top