20:01 / 18.04.2018
3965

Ташқи савдо вазири бошчилигидаги делегация Покистонга расмий ташрифни амалга оширди

Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Покистон Ислом Республикаси (ПИР)га расмий ташрифни амалга оширди. У ерда икки томонлама учрашувлар ва долзарб масалалар муҳокамаси кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Покистон Ислом Республикасининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги вазирлиги, Савдо вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигида қатор учрашувлар режалаштирилган. 

Шунингдек делегация Покистон савдо-саноат палаталари вакиллари ва йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашади ҳамда ПИР ишбилармонлар доираси иштирокида В2В форматидаги музокараларни ўтказади. 

Ўзбекистон делегацияси таркибидан шунингдек Савдо-саноат палатаси раҳбари Адҳам Икромов, Давлат инвестиция қўмитаси, "Ўзтўқимачиликсаноат", "Ўзсаноатэкспорт", "Ўзагротехмаш", "Ўзбекчармпойабзали", Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги масъул раҳбарлари ўрин олишган.

Ташриф якунларига кўра, аниқ натижаларга эришиш кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо ҳажми 6,6 миллион долларни ташкил қилди (+80,9 фоиз), шу жумладан экспорт - 1,1 миллион доллар ва импорт 5,5 миллион долларни қайд этди. 

Ўзбекистонда Покистон инвестициялари иштирокидаги 58 корхона ва 100 фоиз Покистон капиталига эга 5 корхона фаолият юритади. Фаолиятнинг асосий йўналишлари: савдо-сотиқ, тўқимачилик маҳсулотлари, қоғоз, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт ва туристик хизматларни тақдим этиш.

 

Top