Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған музокараларни расмий делегациялар иштирокида давом эттирдилар.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, музокарада яқин йилларда савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш учун барча имконият мавжудлиги таъкидланди. Томонлар ҳамкорлик учун истиқболли тармоқлар ва лойиҳаларни илгари сурди.
Ўзбекистон Туркия бозорига енгил саноат, кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, чарм-пойабзал ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишни кенгайтиришга тайёр. Бу борада Истанбул шаҳрида таъсис этилган Ўзбек-Турк савдо уйи имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкин.
Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Боку – Тбилиси – Қарс темир йўли савдо алоқалари учун улкан имкониятлар яратиши қайд этилди. Шу жиҳатдан транзит тарифларини янада мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Музокарада инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.