17:56 / 02.05.2018
25610

«Мукаммал камчилик»: «Реал»нинг финалга чиқиши ва Европа футболидаги янги тенденция ҳақида

Бугунги ўйинда ким ютишидан қатъи назар, менимча, финалда фаворит «Реал» бўлади. Агар кутилмаган ҳолат рўй бермаса, мадридликлар қаторасига уч бор Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлишлари, сўнгги беш йилда тўртинчи маротаба бу соврин эгасига айланишлари мумкин. Сўнгги беш йилда тўрт марта. Даҳшат-а?

Фото: REUTERS

Эллигинчи йилларда ўша Ди Стефанонинг «Реал»и беш йил қаторасига Чемпионлар кубогини ютганини биламиз, бугундан туриб қараганда, Қироллик клубини ўша даврларда бутун Европани зир титратган гегемон сифатида тасаввур қилиб келганмиз. Агар масалан, 2048 йилдан туриб, ўнинчи йиллар ўрталарига назар ташласаг-у, беш йилда тўрт марта финални ютган «Реал»ни кўрсак, худди ўша тасаввурни уйғотса керак, назаримда.

Лекин биласизми, бугун, мана шу жараённинг ичида туриб, «Реал»нинг бошқалардан яққол устунлигини ажрата ололмаймиз. Бу жамоа беш йилта тўрт марта Чемпионлар Лигасини ютишга лойиқми, деган савол пайдо бўлаверади, негадир. 

Қизиқ. Шунинг учун ҳам қанақадир қонуният қидирамиз. «Реал» кучсиз жамоаларга тўғри келди, дегандик ўтган йили, мана, кучли бешлик чемпионлари навбати билан ожиз қолдирилишди. Зидан омадли мураббий экан деб нимадир исботламоқчи бўламиз, аммо сўз топа олмаймиз. Ҳакамларнинг доимий тарзда мадридликларга мадади ҳақида гаплар пайдо бўлади. Қўйсангизчи! Биласизми, Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлган ҳар қандай жамоани айтинг, ўша мавсумда унинг фойдасига қилинган ҳакам хатосини топиб бераман. Ишонаверинг, бўлиб туради. Барибир яна ўша юқоридаги саволга қайтиб қолаверамиз – балки, «Реал» биз ўйлагандан, ўша беш йилда тўрт марта ғолиб бўладиган қандайдир хаёлий жамоадан анча кучсиз кўринаётгани туфайли кўнглимиз тўлмаётгандир? 

Фото: Getty Images

Балки бу савол умуман керакмасдир? Аслида эса, мана шундай хаёлий жамоа бўлиши шартми ўзи? Чемпионлар Лигаси ғолиби ҳаммадан яққол кучли бўлган, ўз ўйини ва комбинациялари билан ҳамманинг эсида қоладиган жиҳатига эга бўлиши шартмикин?

Роналду икки метр масофадан осмонга қараб тепганида, Навас Толиссонинг жуда хавфли зарбасини майдон ташқарисига чиқариб юбораётганда, ўз майдонида ўйнаб туриб ҳам, ўйин охирларини фақат вақтни чўзишга сарфлаб, яна шу жамоа финалда фаворит деб эътироф этилаётганда, мен бир нарсани ўйлаб қолдим - келинглар, бир-биримизни табриклайлик – футбол ўзгармоқда. Сўнгги йилларда Европада энг кўп соврин ютаётган жамоанинг бугунги ҳолати ва муаммолари футбол яна аср бошидаги жозибасига қайтаётганини исботлаётгандек бўлаверади.
 
Пеп Гвардиоланинг «Барселона»сидан кейин Жозе Моуриньо «Реал»ни худди ўша даражага чиқаришга уриниб кўрди ва қисман уддасидан чиқди. Ўша пайтларда Германияда «Бавария» пайдо бўлди ва испан грандларига қаршилик қила оладиган кучга айланди. Бу шундай топ даража эдики, ҳар бир чизиқда дунёнинг энг яхши юлдузлари тўп суришарди. Бу шундай даража эдики, бу жамоалар бир мавсумда кеча «Реал» ва «Бавария» футболчилари йўл қўйган хатоларнинг ярмини ҳам қилмас эдилар. Ўнг қанот ҳимоясида ким – дунёнинг энг зўр ўнг қанот ҳимоячиси Дани Алвеш. Чап қанотдачи? Ваҳ, Марсело, унга яқинлашиб бўлмайди. Дунёнинг энг зўр дарвозабони ким? Мануэл Нойер! Кейин Месси, Роналду, Левандовски ва ҳоказо...

Беш йил олдинги Чемпионлар Лигасини эсланг. Ғолиб чиқиш учун ё ҳақиқий маънода топ клуб бўлишингиз (Бавария, Реал, Барселона) ёки қаҳрамонлик кўрсатишингиз (Интер, Челси) керак бўларди. Ҳеч қачон ЕЧЛ ғолибига нисбатан ишончсизлик бўлмаган – ё «қойил, зўр ўйнадинглар» ёки «маладес, зўр қилдинглар» дейиларди.  
 
Европа футболида фаворитлар шу даражада «топ»лашдиларки, Париж уларга тенглашиш учун миллиардларни сарфлади, «Манчестер Сити» уларга тенглашаман деб, Пеп Гвардиолани олиб келиш билан қаноатланмай, деярли ҳар чизиққа иккитадан футбол юлдузини олиб келишга уринди. Ва...

Фото: AFP Photo/PAUL ELLIS

«Реал»нинг ички чемпионатда катта муаммоларга дучор бўлиб туриб ҳам, финалга чиққани уларнинг ниҳоят вазиятни ўнглаб, кучайганликларини ёки бор эътиборни бир мусобақага қаратганликларини англатмайди, назаримда. «Реал» ўша мавсум бошидаги «Реал», фақат шу ҳолатда ҳам Европада финалга чиқишнинг мумкин бўлиб қолгани, бояги супертопклуб фалсафасини чўктиришни бошлади. 

Парадоксни қарангки, айнан шу ғоя билан ташкил этилган бугунги «Реал» аксини исботламоқда – Европада фаворит йўқ. 

Парадоксни қарангки, сўнгги беш йилда тўртинчи маротаба финалга чиқаётган «Реал» исботлаяпти, Европада фаворит йўқлигини...

Нафақат «Реал», балки «Ливерпуль», «Рома», «Ювентус» каби жамоалар Чемпионлар Лигаси ўша эски, биз кўпроқ севган мақомга, ҳар қандай жамоа ўзининг камчиликлари-ю, муаммолари, бироз омад-у қаҳрамонликлари билан ютиш мумкин бўлган даврга қайтараётгандек. 

Менимча, бу тенденция яна давом этади. «Бавария» янги мураббий тайинлади ва бир қатор етакчилари билан хайрлашиб, авлодлар алмашинуви арафасида турибди. «Реал» аллақачон бу даврга етиб келган. «Барселона» Иньестасиз энди ниҳоят бошқа «Барселона»га айланади. Италия ва Англия жамоаларига ишонч қайтди...

«Порту» Чемпионлар Лигасини ютган, «Панатинаикос» ёки «Лидс» ярим финалда ўйнаган ва бундан ҳеч ким ҳайрон бўлмаган пайтлар қайтаётгандекмиз.  Месси ва Роналдунинг навбати билан эришаётган рекордларини томоша қилиш қизиқ бўлди, биз бу ҳақида невараларимизга айтиб берармиз, балки улар ўша биз эллигинчи йиллардаги Ди Стефанонинг «Реал»ига оғзимизни очиб хавас қилганимиз сингари тўлқинланиб кетарлар, билмадим. Аммо шуни аниқ биламанки, биз айни пайтда бундан зерикдик. 

Бутун ўйин давомида ҳеч нарса кўрсата олмай сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетган «Манчестер Юнайтед», фақатгина тактика ҳисобига «дрим тим» ҳисобланган жамоага финалда тўртта гол урган «Милан», бир таймга уйғониб, ҳаммасини остин-устун қилган «Ливерпуль», асосий юлдузи Оливер Кан бўлган «Бавария»... Ва бошқалар... Қизиғи, уларнинг совринга лойиқ ёки лойиқ бўлмагани ҳақида ўшанда ҳам, ҳозир ҳам умуман ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз. Бу шунчаки футбол экани, бу ерда мукаммаллик қидириш керакмаслигини-ю, жозиба умуман бошқа жиҳатлардалигини эслаш пайти келдимикин...

Кечаги ҳал қилувчи голлар ўрганиб қолганимиз Роналду томонидан эмас, йилнинг энг кўп танқид қилинган ўйинчиси томонидан урилгани ҳам шунга ишора бермоқда.

Фото: UEFA Champions League

Ха, келаси мавсумда Чемпионлар Лигасида учта эмас, ўнта даъвогар бор. Учта эмас, ўнта жамоа финалга чиқа олади, чунки Лукас Васкесни ўнг қанот ҳимоясида ўйнатиб ҳам буни амалга ошириш мумкин энди...

Қаҳрамон Асланов

Top