Еврокубоклардаги чоракфиналнинг илк ўйинлари якунига етар-етмас миллий чемпионатларда навбатдаги тур ўйинлари бошланиб кетди. Англияда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашга таъсир қиладиган ўйинлар бўлиб ўтса, Германияда расман янги чемпион номи эълон қилиниши мумкин. Ростан ҳам яп-янги.

НЮКАСЛ – ТОТТЕНҲЭМ (13 апрел, 16:30)

Ўтган ҳафтадаги еврокубоклар Англиядаги Чемпионлар Лигаси йўлланмаси курашини қизитиб юбориши мумкин. Беш инглиз жамоасидан фақат «Астон Вилла»нинг ғалаба қозониши, Европа Лигаси фаворити ҳисобланган «Ливерпул»нинг кутилмаган мағлубияти туфайли еврокубоклар рейтингида Англия Италия ва Германиядан ортда бормоқда. Бу дегани, агар шу нисбат сақланиб қолинадиган бўлса, келаси мавсум ЕЧЛда Англиядан беш эмас, тўрт жамоа иштирок этади. Табиийки, бу хавф кучли тўртлик учун курашга таъсир ўтказади, «Астон Вилла» ва «Тоттенҳэм» ҳозирда бир хил очко тўплаб (лондонликларда бир ўйин кам) 4-5 ўринларда боришмоқда.

Бу курашнинг яна бир қизиқ томони, ҳар икки жамоа ҳам чемпионлик пойгасида иштирок этаётган жамоаларга қарши ҳам майдонга тушади. Айниқса, «Тоттенҳэм»нинг ҳолатига хавас қилиб бўлмайди – «Нюкасл» майдонидаги қийин ўйин ўтгач, жамоа қаторасига «Ливерпул», «Арсенал» ва «Манчестер Сити» билан ўйнашига тўғри келади. Бу орада «Челси» билан ҳам Лондон дербиси борлигини ҳам унутмаслик лозим. Хуллас, «Тоттенҳэм» учун энг оғир палла бошланмоқда.

«Нюкасл» асосан жароҳатлар туфайли мавсумни бир текисда ўтказа олмади, жуда беқарор натижалар қайд этди, аммо алоҳида учрашувларда жамоа ҳали ҳам хавфли экани, Эдди Ҳау шогирдлари ҳали еврокубоклардан кўнгилни узмагани бу учрашувдаги интригани янада ошириши шубҳасиз. Бунинг устига биринчи даврадаги тўқнашув йирик ҳисобда (4:1) мезбонлар фойдасига ҳал бўлган. «Нюкасл» ўша мағлубиятнинг аламини олишга уриниб кўради. Худди шу стадиондаги ўтган мавсум учрашуви ҳам эсингизда бўлса керак – ўшанда «Нюкасл» рақибини 6:1 ҳисобида тор-мор этганди. Рақиблар шу даражада бир бирига моски, ҳар қандай натижани кутиш мумкин. Мезбонларда жароҳатлар гирдоби давом этмоқда, мавсум якунигача тугамаса ҳам керак. Ботман нафақат келаси мавсум, ҳатто ушбу йилда ҳам сафга қайта олмайди. Ласселс ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Триппиер, Алмирон, Поуп, Жоэлинтон, Уилсон каби асосий таркиб футболчилари ҳам апрел ойида майдонга туша олмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Шунингдек, Жо Уиллокнинг ҳам жисмоний ҳолати сўроқ остида. Меҳмонлар сафида эса асосий футболчилардан фақат Ришарлисоннинг йўқлигини билиниши мумкин. Сессенион, Соломон каби футболчиларни эса «Тоттенҳэм» сафида кўрмаганимизга шундоқ ҳам анча вақт бўлди. 

АТЛЕТИКО – ЖИРОНА (13 апрел, 17:00)