23:38 / 03.05.2018
4768

Ҳуқуқ ҳимоячилари давлатлар ҳукуматларини матбуот эркинлигини ҳимоя қилишга чақирдилар

БМТнинг сўз эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Дэвид Кайе ва турли давлатларнинг ҳуқуқ ҳимоячилари матбуот мустақиллиги, айниқса рақамли оммавий ахборот воситаларига хавф ортиб бораётганидан огоҳлантирмоқдалар. Бу ҳақда матбуот эркинлиги ва унинг рақамли асрдаги турфалиги ҳақидаги қўшма декларацияда айтилган.

3 майда нишонланадиган Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига чиқарилган декларация муаллифлари демократияни ривожлантиришда матбуотнинг аҳамияти катталигини қайд қилиб ўтишган ва журналистларнинг жисмоний жазоланиши, улар ортидан кузатув олиб борилиши, мустақил ОАВ фаолиятини чеклашга уринишлар ҳолатлари юзасидан чуқур ташвиш билдиришган.

“Эркин ва мустақил матбуот демократик институтлар ривожланиши ва ҳукуматнинг жавобгарлигини таъминлашга кўмак беради, журналистлар ва журналистикага тажовузлар эса жамоатчилик назорати ғоясига путур етказади”, деб айтган Кайе. Унинг айтишича, сиёсатчилар ва бизнес етакчилари ўзларига номақбул журналистларни “душман” деб атаб, бу касб одамларига ҳужум қилишга ундамоқдалар ва жамият манфаатларига хизмат қилувчи журналистик терговлар муаллифларини ёмонотлиқ қилишга уринмоқдалар.  

Қўшма декларация, БМТ вакилидан ташқари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Инсон ҳууқуқлари бўйича Америкалараро комиссия, Инсон ва халқлар ҳуқуқлари бўйича Африка комиссияси вакиллари томонидан имзоланган. Улар ҳукуматларни нафақат матбуот мустақиллиги ва турфалигини ҳимоя қилишга, балки бунга хусусий интернет-компаниялар ҳам риоя қилишларида кўмак беришга чақирганлар. Декларация муаллифлари матбуот эркинлиги халқаро ҳуқуқ билан кафолатланишини эслатиб ўтишган. 

Top