Жаҳон | 22:56 / 19.01.2024
13540
9 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда журналистларга қарши рейд. Бу ҳақда нималар маълум? 

Қирғизистон махсус хизматлари ва милиция ходимлари 24.kg ахборот агентлиги ҳамда Temirov Live ютуб-каналининг Бишкекдаги офисларида тинтув ўтказди. Тинтув ва сўроқ якунларига кўра 11 киши ҳибсга олинган, уларнинг аксари –Temirov Live ютуб-канали суриштирувчи журналистларидир. Лойиҳа асосчиси Болот Темиров ички ишлар вазири бу орқали қариндошларидан бирининг қимматбаҳо мулки тўғрисидаги материал учун қасос олаётганини айтган. 

Қўлга олинганлар орасида Тemirov LIVE таҳририятининг собиқ ва ҳозирги журналистлари, жумладан Жоодар Бузумов (фотода) бор.
Фото: KHAMIDULLO UZAKOV

18 январ куни Бишкекдаги суд журналист ва Temirov Live лойиҳасининг собиқ ходимлари бўлган 11 кишини икки ой муддатга ҳибсга олди. Бир кун олдин ички ишлар органлари ходимлари уларни оммавий тартибсизликларга даъват қилиш иши бўйича қўлга олганди. 

Temirov Live ва «Айт Айт Десе» таҳририятлари раҳбари Болот Темиров BBC учун интервюсида ҳибсга олинганларнинг икки нафари – лойиҳалар раҳбари Махабат Тажибек қизи (у Темировнинг рафиқаси) ҳамда оқин (импровизатор шоир) Азамат Ишенбековга нисбатан оммавий тартибсизликларга даъват қилиш бўйича айблов эълон қилинганини айтган. 

Оқин Ишенбеков журналистик суриштирувларни қирғиз тилига ўгириш билан шуғулланган. Унинг чиқишлари «Айт Айт Десе» ютуб-каналида жойлаштириб борилган. 

«[Терговнинг] иш қўзғатиш тўғрисидаги қароридан оммавий тартибсизликларга чақириш улар учун нималигини кўришимиз мумкин. Улар учун „мамлакат раҳбариятини обрўсизлантириш аҳолини зўравонлик ҳаракатларига ундаш“дир, яъни ҳокимиятга ҳар қанақа танқид чақириқ ҳисобланади. Бу ақлга сиғмайди», — деган Темиров. 

Унинг маълумотига кўра, қўлга олинганлардан яна икки нафарига— оператор Оқил Орозбеков ва Temirov Live собиқ журналисти, лойиҳани бир ярим йил олдин тарк этган Актилек Капаровга ҳам оммавий тартибсизликларга даъват қилиш бўйича айблов эълон қилиниши кутилмоқда. 

Икки кун давомидаги оммавий тинтувлар 

16-17 январ кунлари Бишкекдаги тўртта нашр журналистлари оммавий тинтув ва сўроқларни бошдан кечиришди. Биринчи куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 24.kg агентлиги офисида уруш ташвиқоти иши бўйича тинтув ўтказган ва офисни муҳрлаб қўйган. 

Ахборот агентлиги раҳбарияти таҳририят офисидан тўғри сўроқ қилиш учун олиб кетилган. 24.kg шеф-редактори Моҳинур Ниязова ички ишлар вазирлигига йўл олишдан олдин журналистларга иш Украинадаги уруш тўғрисидаги материал туфайли очилганини айтишга улгурган. 

Таҳририятга рейд уюштирган бишкеклик милиционерлар.
Фото: KHAMIDULLO UZAKOV

Кейинроқ ахборот агентлиги раҳбарияти маълумотни ошкор қилмаслик тўғрисидаг келишув борлигини айтиб, изоҳ беришдан бош тортди. Ниязова ҳамда 24.kg бош директори Асел Оторбаева кетма-кет икки кун сўроқ қилинган. 

18 январ куни Temirov Live ютуб-каналининг собиқ ва ҳозирги журналистлари таҳририят ва уларнинг уйларида ўтказилган тинтувлардан кейин қўлга олинди. ИИВ ходимлари 11 кишини гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун олиб кетишган, шундан сўнг журналистлар жиноятда гумонланиб, қўлга олинган. 

ИИВ матбуот хизмати қисқача хабарида оммавий тартибсизликларга чақириқ бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилган. Тергов версиясига кўра, Temirov Live ва «Айт Айт Десе» ютуб-каналларида «норозилик акциялари ва оммавий тартибсизликларга даъват қилиш белгилари мавжуд бўлган» материаллар аниқланган. 

«Ички ишлар вазири биздан ўч олмоқда» 

Temirov Live ва «Айт Айт Десе» лойиҳалари асосчиси Болот Темировнинг тахмин қилишича, журналистларга қарши жиноий иш очилишига ички ишлар вазири Улан Ниязбеков ҳақидаги сўнгги материаллар сабаб бўлган. 

«[Жиноий иш] ўйлаб топилган модда, амалда эса бу ИИВ ходимлари ва вазирнинг бизнинг журналистик фаолиятимиз учун қасосидир», — деган Темиров. 

Унинг изоҳлашича, жамоаси ИИВ раҳбарининг мулки ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан 750 минг доллар миқдоридаги маблағ ўғирлангани тўғрисида суриштирувлар эълон қилган. 

«Биз Улан Ниязбековнинг амакисининг нефт бизнеси, Бишкекнинг қимматбаҳо ҳудудида вазирнинг амакиси ва онаси номига расмийлаштирилган уйларни аниқладик. Манбаларимизга кўра, у ўша жойда яшайди. Биз унинг ИИВ тизимида ишлаш чоғида бойлик орттиргани мавзусини кўтаргандик», — дея қайд этган журналист. 

Сўроқ вақтида қўлга олинганлардан Болот Темировнинг ўзи қаердалиги сўралган, у 2022 йил ноябрида Қирғизистонда паспортни қалбакилаштириш иши бўйича судланган ва суд залидан зўрлик билан Россияга олиб кетилганди. 

«Улар мени судлашди, депортация қилишди. Энди эса мен қайси мамлакатда эканимни аниқлашга уринмоқда. Эҳтимол бу провокациядир, эҳтимол мени йўқ қилишмоқчидир», — деган Темиров. 

Ҳозирда унинг жамоаси аъзолари ҳамда лойиҳалар раҳбари, Темировнинг турмуш ўртоғи ҳисобланадиган Тожибек қизи жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Темировнинг ўзи Қирғизистондан депортация қилингач, Тожибек қизи Temirov Live ва «Айт Айт Десе» бошқарувини ўз қўлига олганди. 

Temirov Live директори Махабат Тажибек кизи.
Фото: KHAMIDULLO UZAKOV

«Қирғизистон минтақадаги озодлик оролчаси ҳисобланарди» 

Саккизта халқаро ҳуқуқ ташкилотлари қўшма баёнот бериб, Қирғизистон ҳукуматини «уруш ташвиқоти» ва «оммавий тартибсизликларга ундаш» баҳонаси билан ОАВ таҳририятларига қарши очилган жиноий ишларни тўхтатишга чақирган. 

«Ҳукумат мустақил нашрлар ва журналистларга қарши репрессив ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиши, шунингдек уларга мамлакатдаги ва дунёнинг қолган қисмидаги воқеаларни қасос олинишидан қўрқмаган ҳолда ёритишига имкон бериши керак», — дейилган мурожаатда. 

Бу баёнот Human Rights Watch, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), People in Need ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Хелсинки фонди каби ташкилотлар томонидан имзоланган. 

Сўнгги уч йилликда, президент Садир Жапаров ҳокимиятга келганидан кейин Қирғизистон эркинлик ва демократия даражаси бўйича халқаро рейтинглардаги позицияларини сезиларли даражада ёмонлаштирди. 

Президент Садир Жапаров бошқарувининг уч йилида Қирғизистон ҳуқуқ ва эркинликлар рейтингларида пастга шўнғиди.
Фото: Getty Images

Freedom House нодавлат халқаро ташкилоти баҳоларига кўра, 2021 йилда Қирғизистон эркин бўлмаган мамлакатлар тоифасига киритилган. Мамлакат сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликлари даражаси бўйича 100 дан 27 балл олган. Freedom House мамлакатда мухолифатчилар ва фаоллар таъқиб остига олинганини қайд этган. 

«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) рейтингида эса Қирғизистон матбуот эркинлиги даражаси бўйича 50 позицияга пастлаган ва 122-ўринни эгаллаган — Тунис ва Нигерия ўртасида. 

«Бунга қадар Қирғизистон минтақада матбуот эркинлиги оазиси ҳисобланарди. Аммо қай этиш мумкинки, журналистлар таъқиб этилиши билан мисли кўрилмаган вазият юзага келди», — дея қайд этган RSF’нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Жанна Кавеле. 

Сайтлар блокланиши ва нашрлар тугатилиши 

Жапаровнинг президентлиги даврида ОАВ сайтларини судгача блоклаш оддий амалиётга айланди. 2021 йил августида қабул қилинган фейклар тўғрисидаги қонун бунда қўл келмоқда. 

Мазкур қонун Маданият вазирлигига нотўғри маълумотлар чоп этилган тақдирда суд жараёнисиз сайтларни блоклаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқини беради. Ахборот ишончли ёки йўқлиги борасида қарорни вазирлик ходимлари ўзи қабул қилади. 

Фейклар тўғрисидаги қонун кучга киргач, Қирғизистон ҳудудида бир неча мустақил нашрларнинг сайтлари блокланди. 2022 йил октябрида «Радио Азаттик» («Озодлик радиоси» қирғиз хизмати) сайтига кириш тўсилганди. Ноқулай материаллар ўчирилганидан кейин, 2023 йил июлида радио сайт радиоси блокдан чиқарилди. 

Ўтган йил сентябрида «Клооп» сайти блокланган. Блокировкага ҳибсга олинган мухолифатчи пойтахтдаги 1-сонли тергов изоляторида қийноққа солингани ҳақида айтиб берган материал сабаб бўлганди. Жазони ижро этиш муассасаси қийноқ тўғрисидаги айбловни рад этган ва сайт бу позицияни ўз хабарида баён этишига тўғри келганди. 

Бундан ташқари, Бишкек суди ҳозирда «Клооп Медиа» жамоат фонди сифатида рўйхатдан ўтган нашрни тугатиш бўйича даъвони кўриб чиқмоқда. Таҳририятга қарши даъво Бишкек прокуратураси томонидан берилган, идора фикрича, «Клооп»нинг мақолалари Қирғизистонга салбий таъсир кўрсатади.

Мавзуга оид