09:20 / 11.05.2018
11903

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Ўзбекистонга бир қатор тавсиялар берди

Фото: БМТ бош котибияти

Жорий йилнинг 9 май куни Женева шаҳрида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 30-сессиясида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари бажарилиши бўйича миллий маърузаси Универсал даврий ҳисобот доирасида кўриб чиқилди. Бу ҳақида Кенгаш сайтида хабар берилган.

Универсал даврий ҳисоботи Ишчи гуруҳи томонидан 7-18 май кунларига режалаштирилган сессиясида Ўзбекистон билан биргаликда 14 давлатнинг ҳисоботлари қабул қилинади.

Бу Ўзбекистоннинг учинчи миллий маърузасидир. Ўзбекистоннинг биринчи ва иккинчи миллий маърузалари 2008 йил декабрь ва 2013 йил апрель ойларида тингланган эди.

Ҳисобот қуйидаги ҳужжатларга асосланади:

1) миллий маъруза – кўриб чиқилаётган Давлат томонидан тақдим этилган маълумотлар;

2) инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил экспертлар ва ташкилотлар ҳисоботларидаги маълумотлар (махсус тартиб деб аталади), инсон ҳуқуқларига оид шартномаларнинг ижросига масъул идоралар ва бошқа БМТ муассасаларининг маълумотлари;

3) бошқа манфаатдор томонлар, жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар, минтақавий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари томонидан берилган ахборот.

Ўзбекистон делегациясига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, профессор Акмал Саидов бошчилик қилмоқда. Шунингдек, кечаги эшитувда Адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамов ва Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов ҳам маъруза қилган.

Универсал даврий ҳисобот доирасида тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикасининг учинчи миллий маърузаси матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин. 

Ўзбекистоннинг миллий маърузаси ва унинг муҳокамаси интернет орқали жонли эфирга узатилди ҳамда ушбу видеони қуйидаги ҳавола орқали кўриш мумкин.

Ўзбекистон ҳисоботи қандай қабул қилинди?

9 май кунидан буён инсон ҳуқуқларига оид бир қатор ташкилотлар айнан шу ҳақида ёзишмоқда. Умумий олганда, Ўзбекистондаги вазият муҳокамаси аввалги йилларга қараганда анча яхши ўтди, дейиш мумкин. Гарчи экспертлар ҳали қувонишга вақтли, дейишган бўлсада, лекин Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида илиқ фикрлар ҳам бот-бот такрорланмоқда.

Масалан, Human Rights Watch ташкилоти сайтида Ўзбекистон ҳисоботи бўйича алоҳида мақола чиқди (айтганча, шу ташкилот сайти ҳам Ўзбекистондан очиладиган бўлибди). Мақолада қуйидаги бандлар эътиборга молик:

«Мирзиёев ўнлаб сиёсий маҳбусларни озодликка чиқарди ва суд тизимининг мустақиллигини ошириш бўйича ислоҳотлар ўтказди. Сўнгги қувонарли янгиликлардан бири экстремизмда айбланган журналист Бобомурод Абдулла ва яна 3 нафар шахснинг озод этилиши бўлди. Сўз эркинлиги ва митингларга йўл берилмоқда, Мирзиёев мажбурий меҳнатга чек қўйиш юзасидан топшириқ берди. Бу катта қадам».

Шу ва шу каби илиқ фикрлар фонида ҳали келгусида қилиниши керак бўлган ишлар кўплиги ҳақида ҳам эслатиб ўтилмоқда. Шу ўринда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Ўзбекистонга бир қатор тавсиялар берди.

Ушбу тавсияларни қуйида бирма-бир санаб ўтамиз:

Суд тизимидаги ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида судлар, прокурорлар ва ҳуқуқшуносларни ўқитишни давом эттириш, судлардаги шаффофликни ошириш ва сиёсий мотивлар асосида ҳибсга олинган маҳбусларни озод қилиш.

Қийноқларнинг ҳар қандай турига барҳам бериш, Қийноққа қарши Конвенцияга факультатив протоколни ратификация қилиш, озодликдан маҳрум қилиш жойларида мустақил мониторинг механизмини жорий қилиш. Шунингдек, маҳбусларнинг ўз оилалари билан боғланиш ва тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш тавсия этилмоқда.

Сўз, бирлашиш ва эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан аниқ чораларни амалга ошириш, шунингдек журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилиш ҳамда ўзбошимчалик билан ушлаб туришга чек қўйишни тавсия қилишмоқда.

Кўча шароитида яшайдиган ва ишлайдиган эҳтиёжманд, қаровсиз болаларни ҳимоя қилишни таъминлаш ва уларни савдо, иқтисодий ҳамда жинсий эксплуатация қилиш ҳолларига барҳам бериш. Шунингдек, жисмоний жазоларни тақиқлаш ва таълим тизимини кенгайтиришни тавсия қилишмоқда.

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш чораларини кучайтириш, гендер тенглигини таъминлаш. Шунингдек, аёлларнинг сиёсий, иқтисодий, жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида фаоллигини ошириш ва CEDAW-2015 тавсияларини бажаришни таклиф қилишмоқда.

Ўзбекистоннинг пахта саноатида болалар ва аёллар иштирокидаги мажбурий меҳнатни қисқартириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини маъқуллайди, бироқ ҳозирда ташвишли бўлиб турган мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам беришни тавсия қилади.

Барча шахсларни зўраки йўқолишлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Халқаро ковенцияни ратификация қилишни тавсия қилишмоқда.

Хушнудбек Худайбердиев, ҳуқуқшунос

Top