21:25 / 11.05.2018
6763

Халқаро ташкилот раҳбари Ўзбекистонда ННТ фаолиятини ривожлантиришга доир тавсиялари билан бўлишди

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ)ходимларининг кўникмаларини ошириш зарур ҳамда улар лойиҳаларни кўриб чиқишда узоқ муддатли истиқболни кўзлаши, молиявий бошқарув масалаларига ҳам кўпроқ эътибор қаратиши муҳим. "Минтақавий мулоқот" халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Мьюша Север Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси якунида KUN.UZ мухбирининг мамлакатимиздаги ННТ фаолиятидаги муаммолар ва уларни бартараф этишга доир тавсияларга оид саволига шундай мазмунда жавоб берди.

"Асосий тавсиям ННТ ходимларининг кўникмаларини ошириш устида ишлаш билан боғлиқ. Бир неча йилдан бери Ўзбекистонда ННТ вакиллари билан ишлаб шунга гувоҳ бўлдимки, бу ердаги кўплаб гуруҳлар, нодавлат нотижорат ташкилотларда ажойиб ғоялар бор, лекин улар узоқ муддатли эмас, қисқа муддатли истиқболни кўзда тутади. ННТ вакилларини ўз фаолиятларини узоқ муддатли истиқболга эга стратегик режалаштиришга ўргатиш жуда муҳим. Улар фақат бир лойиҳа билан чекланиб қолиши керак эмас, балки лойиҳа тугагач, кейинчалик ташкилот тақдири нима бўлиши ҳақида ҳам ўйлаши лозим.

Шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз молиявий бошқарувларини юритишда билим ва тажрибани оширишлари жуда муҳим, молиявий назоратни тўғри олиб боришлари лозим. Бу масала ҳукумат ва ННТ ўртасидаги кўплаб зиддиятларга сабаб бўлган эди. Халқаро донорлар учун молиялаштириш масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга.

Бир гап билан айтадиган бўлсак, нодавлат нотижорат ташкилотлар "муайян лойиҳадан қандай натижа кутяпмиз, унинг ривожига қандай ҳисса қўшишимиз мумкин?" деб ўйлашлари керак", - дейди Мьюша Север.

Top