Ўзбекистон | 21:26 / 28.11.2023
8418
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш учун кейинги бир йилда нималар қилмоқчи?

Ҳаж зиёрати бўйича ягона ва очиқ онлайн навбат юритишга ўтилади, онлайн узатиладиган имтиҳонлар рўйхати кенгаяди. Бюджетдан ташқари жамғармалар очилиши, давлат харидларидаги инсофсиз ижрочилар реестри тузилиши, Аксилкоррупция агентлигига янги ваколатлар берилиши ва бошқа ўзгаришлар кутилмоқда. Kun.uz фармондаги янгиликлар ва ижрочилар билан таништиради.

Аксилкоррупция агентлиги / Фото: Kun.uz

27 ноябр куни Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш ва давлат ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини оширишга доир президент фармони қабул қилинди.

Агентликка янги ваколат

Эндиликда ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилади.

Коррупцион жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун агентлик ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиб борилади.

Очиқлик

Шунингдек, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатидаги маълумотлар турлари 35 тадан 40 тага етказилди. Хусусан, 2023 йил 1 декабрдан қуйидаги маълумотлар очиқланиши шарт:

  1. Ҳудудлар кесимида Ҳажга бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами). Бу маълумотларни ҳар чоракда расмий веб-сайтида жойлаб боришга масъул – Ўзбекистон мусулмонлари идораси.
  2. Болаларни давлат боғчаларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ва ташкилот рақами). Бу маълумотларни ҳар чоракда очиқлаш мажбурияти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юклатилган.
  3. Давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат).
  4. Марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар.
  5. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан ғолиб бўлган ННТлар ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар.

3-, 4- ва 5-банддаги маълумотларнинг очиқланишига ҳар бир давлат органи ва ташкилотининг ўзи масъул ҳисобланади.

Президент фармонига кўра, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиладиган имтиҳонлар рўйхати яна 3 та бандга узаймоқда:

  1. Фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси (ёпиқ илмий ишлар бундан мустасно);
  2. ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг, тест синовлари ҳамда президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари;
  3. Олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш танловлари (танловларнинг умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш ва чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш босқичлари).

Юқоридаги синовларнинг интернетда жонли эфирга узатиш учун қайси ташкилотлар масъул экани белгиланмаган.

Ишонч телефонлари устидан назорат

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари қайта алоқа тизими самарадорлиги даражасини баҳолаш мақсадида “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбирларини ташкил этади. “Сирли мижоз” тадбири ташкилотларнинг ишонч телефони ва бошқа расмий рақамлар доимий ишчи ҳолатда эканини аниқлаш мақсадида масофавий тарзда ўтказилади. Натижаси юзасидан кўриб чиқиш мажбурий бўлган тақдимнома киритилади.

“Сирли мижоз” тадбирида қуйидагилар тақиқланади: ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш, низоли ҳолатларни сунъий равишда келтириб чиқариш, ўрганиш объектига ташриф буюриш ва агентлик масъул ходимидан бошқа шахслардан фойдаланиш.

“Сирли мижоз” тадбир натижалари бўйича аниқланган камчиликлар вазирлик ва идоралар ходимларини жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди, иш берувчи томонидан шахсий ташаббус кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

Давлат дастури

Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023–2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланган. Дастурда кўплаб ташкилотларга топшириқлар берилган.

Агентлик, 2024 йилнинг биринчи ярмига қадар масъул ташкилотлар билан фуқаролар томонидан коррупция ҳақида тезкор хабарлар ва қўнғироқларни ёзиб олиш ва овозли хабар қолдириш имкониятини яратиши ҳамда хабар берувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини ҳукуматга киритиши керак.

2024 йил март ойига қадар агентлик, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Бош прокуратура давлат органлари ва ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларига келиб тушаётган маблағлар, уларнинг сарфланган мақсад ва йўналишлари ҳақидаги маълумотларни очиқ эълон қилинишини назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини ҳукуматга киритиши керак.

2023 йил охиригача Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бюрократик тўсиқларни, коррупциявий хатарлар ва инсон омилини қисқартириш мақсадида вазирлик ва идораларнинг кадрлар билан ишлаш йўналишидаги фаолиятини hrm.argos.uz электрон базаси орқали такомиллаштирилиши керак.

Адлия вазирлиги йил охиригача давлат органлари ва ташкилотларида маъмурий тартиб-таомилларни бир хилда ташкил этиш ва ижросини таъминлаш бўйича қўлланмалар ишлаб чиқиши ҳамда етказилишини таъминлаши лозим.

Олий суд бошчилигида бундан кейин ҳар чорак якунида давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний чиқарилгани учун бекор қилинган қарорлари тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайтда очиқ эълон қилиб бориши керак.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йил май ойига қадар яна бир муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши керак. Унда давлат харидида коррупцион ҳуқуқбузарлик содир этган ёки манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган юридик шахс мансабдорларини Инсофсиз ижрочилар реестрига киритиш, уларга алоқадор ёки бенефициар таъсисчилигида бўлган бошқа фирмаларни ҳам давлат харидидаги иштирокини чеклаш тартиби назарда тутилади. Бу масалада агентлик билан бирга Бош прокуратура, Олий суд, Адлия, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари ҳам масъул.

Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошчилигида давлат харидларида товар ва хизматларнинг бошланғич нархлари, Ягона етказиб берувчилар реестрига доир бир қанча норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиши керак. Бундай ҳужжат лойиҳаси 2024 йил январ ойигача тайёр бўлиши зарур.

Агентлик давлат харидлари соҳасида яна бир қанча ваколатларга эга бўлиши кутилмоқда. Хусусан, давлат дастурида 2024 йил 1-ярмига қадар қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилиши керак:

  • Агентликка ўз ваколати доирасида аниқлаган давлат харидлари тўғрисидаги қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ваколатини бериш;
  • агентликка давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик бузилган ҳолда тузилган битимни, қабул қилинган қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни ўзгартириш, бекор қилиш ёки уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида давлат божидан озод этилган ҳолда судга даъво киритиш ваколатини бериш;
  • давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳолда давлатга етказилган зарарнинг ҳамда ҳақиқий эмас деб топилган ҳужжатнинг ижроси билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини айбдор мансабдор шахсдан ундириб олиш;
  • давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик бузилгани ҳолатлари аниқланганда агентликнинг тақдимномасига асосан харид қилиш тартиб-таомилларини тўхтатиб туриш.

Яна бир муҳим вазифа – агентлик ва масъул идоралар 2024 йил 1-ярмида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг коррупцияга оид жиноятлар содир этилишига имконият яратиб бераётган функция ва вазифаларини таҳлил қилади. Шунингдек, бу вазифаларни судларга ўтказиш ёки рақамлаштириш орқали коррупция хавф-хатарларни минималлаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.

Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари, ННТ ва ОАВнинг ролини ошириш мақсадида 2023-2024 йилларда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан грантлар ва ижтимоий буюртмалар сони ва ажратилаётган маблағлар миқдори оширилади.

Шунингдек, 2024 йил август ойига қадар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг “Халқаро молия-тижорат битимларини амалга оширишда хорижий мансабдор шахсларга пора беришга қарши курашиш бўйича конвенцияси”га қўшилиш масаласи ўрганилади. Бунда конвенцияга қўшилиш юзасидан миллий экспертлар гуруҳини шакллантирилади ва асослантирилган таклифлар Президент администрациясига киритилади.

2024 йил феврал ойига қадар “Очиқ ҳукумат ҳамкорлиги” халқаро ташкилотига аъзо бўлиш масаласи бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилади. Юқоридаги икки топшириқ юзасидан агентлик билан бир қаторда Ташқи ишлар вазирлиги ҳам масъул.

Келаси йилда агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва вазирликлар билан биргаликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиши лозим.

Дастурдан “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кун тартибига қайтариш масаласи ўрин олмаган.

Мавзуга оид