09:58 / 16.05.2018
22591

Фермерлик учун берилган ер майдони 56 нафар фуқарога бўлиб-бўлиб сотиб юборилди

Иллюстратив фото/ KUN.UZ

Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б,в” бандлари билан Хусенов Насим Яздонқулович ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган тергов харакатлари давомида Хусенов Насим 2013 йил февраль ойидан буён Тайлоқ тумани “Муборак” маҳалласида жойлашган турмуш ўртоғи Каримова Ёдгора Салимовна раислик қилаётган “Шаҳзода боғлари” фермер хўжалигида норасмий равишда иш бошқарувчи тариқасида ишлаб келиб фермер хўжалигига туман ҳокимининг қарори билан 43 йил муддатга ижарага берилган жами 18.20 гектар ер майдонини бир неча нафар фуқароларга ноқонуний равишда сотиб юборган. 

Шунга кўра, Хусенов Насим ва бошкалар 2013 йил март ойидан 2017 йил декабрь ойига қадар бўлган давр оралиғида жами 56 нафар фуқароларнинг  ишончига киришиб, уларнинг пул маблағларини қўлга киритиш мақсадида фермер хўжалиги ер майдони  сотилмаслигини била туриб уларни алдаб, Тайлоқ тумани Муборак махалласида жойлашган “Шахзода боғлари” фермер хўжалигига туман ҳокимлиги томонидан ижарага ажратилган ер майдонидан 6 сотихдан 30 сотихгача бўлган ер майдонларини келгусида тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш шарти билан 2000 000 сўмдан 60 000 000 сўмгача ноқонуний равишда сотишиб, уларга тегишли бўлган пул маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишиб, ўзларининг эҳтиёжларига ишлатишган.

Ҳолат юзасидан Хусенов Насим Яздонқуловичга ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top