22:20 / 20.05.2018
14499

Бухорода «Умар ибн Хаттоб» жоме масжиди рўйхатдан ўтказилди

Мамлакатимизда инсоннинг бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари қатори виждон ва эътиқод эркинлигини ҳам таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 20 июндаги 263-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш Қоидалари»да виждон эркинлигининг асосий тамойиллари, вазифалари, уларни амалга ошириш йўллари, қоидалари ва кафолати, фуқароларнинг бу соҳадаги ҳуқуқ ва бурчлари белгилаб берилган.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда белгиланганидек виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Дарҳақиқат, виждон эркинлиги – ҳар бир фуқаронинг динга эътиқод қилиши ёки қилмаслик, диний расм-русум ва маросимларда иштирок этиш ёки этмаслик каби динга нисбатан ўз муносабатини мустақил аниқлайдиган шахсий ҳуқуқидир. Ҳар бир фуқаро ўз ихтиёри билан диний таълим олиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун фуқароларни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди. Давлатимиз томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиш қатъий кафолатланган.

Диний бағрикенглик эса – хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатадиган тушунчадир. Бугунги кунда мазкур ғоя жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутувчи, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартларидан биридир.

Шўро даврида мамлакатимизда бор-йўғи 90тага яқин ислом йўналишидаги диний ташкилот (масжид, мадраса) фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси бошқаруви остида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳудудий бошқармаларида расмий рўйхатдан ўтган 2000дан ортиқ масжид фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу жумладан, Бухоро вилоятида ҳам 105та исломий йўналишидаги ва 10та ноисломий йўналишдаги диний ташкилот рўйхатга олинган.

Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Рўзиевнинг хабар беришича, 18 май куни Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Бухоро шаҳри, «Хўжамушкин» МФЙ, Алпомиш кўчасида жойлашган «Умар ибн Хаттоб» жоме масжиди рўйхатдан ўтказилиб, унинг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома диний ташкилотга бориб тантанали равишда топширилди.

Фото: Бухоро вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати
Фото: Бухоро вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати

Бундан ташқари, диний ташкилот аъзолари билан суҳбат ўтказилиб, уларга Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони ва соҳа фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, устав талабларига риоя қилиш шартлари тушунтирилди.

Мазкур диний ташкилотнинг рўйхатдан ўтказилиши ўша ҳудудда ноанъанавий диний оқимларнинг ёйилиб кетиши олдини олишга, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг турли хил диний оқимларнинг таъсирига тушиб қолишидан сақлашга хизмат қилади.

Фото: Бухоро вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати

Шунингдек, диний ташкилотнинг асосий вазифалари «жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг тарғиб қилиш, ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш, динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш ҳисобланади.

Фото: Бухоро вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда диний ташкилотларни рўйхатга олиш ҳамда уларга раҳбарлик қилиш, ноанъанавий диний оқимларнинг ёйилиб кетишини олдини олиш, диний таълим тизимини такомиллаштириш, шунингдек, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш каби диний ҳаёт барқарорлигини таъминлашга қаратилган вазифаларни бажариш учун кучли ҳуқуқий механизм яратилган.

Фото: Бухоро вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати

 

Top