23:33 / 20.05.2018
7466

Маск иккита двигателли Tesla Model 3 устида иш олиб борилаётганини маълум қилди  

Фото: Bloomberg/Дания Максвелл

Tesla раҳбари Илон Маск твиттерда Model 3 электромобилининг тўлиқ приводли ва машинанинг олд ва орқа қисмида жойлашадиган иккита двигателли варианти устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. 

Бир двигател юқори тезлик билан юришга, бошқаси эса катта масофаларга юришга мўлжалланган. Маскнинг айтишича, агар двигателлардан бири ишламай қолса, ҳайдовчи иккинчи двигателда ҳаракатни давом эттираверади.

Компания тўлиқ приводли Model 3’нинг иккита варианти устида ишламоқда. Машинанинг биринчи – ҳамёнбоп варианти стандарт Model 3’дан 5 минг долларга қиммат бўлади ва нархи 49 минг доллардан бошланади. Унинг максимал тезлиги 225 км/соатни ташкил қилади, аккумулятор тўла бўлса, тахминан 500 км йўлга етади. 

Тезроқ ҳаракатланувчи ва қўшимча функциялар пакетига эга, тўлиқ приводли, иккита двигателли Model 3 нархи 78 минг доллар туради. Машинанинг максимал тезлиги 250 км/соатни ташкил қилади.   

“Нархи BMW M3 каби туради, бироқ 15 фоизга тезроқ ва яхши бошқарилади. Трассада шу синфдаги исталган машинадан ўзиб кетади”, деб ёзган Маск.

Компания ушбу машинани 2018 йил июлидан савдога чиқармоқчи. Маск янги электромобилнинг кўрсаткичларини машинанинг ишлаб чиқарилишидаги ушланишлардан норози бўлаётган сармоячилар томонидан босим ўтказилаётган бир пайтда ошкор қилди.

Top