23:30 / 21.05.2018
15049

Илк бор судланаётган 23 яшар йигит Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида суд залидан озод этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандумига асосан, Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми, “б” банди билан айбланган Суннат Шомуродовнинг жиноят иши бўйича жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этди.

Эндигина 23 ёшга тўлган С.Шомуродов Қарши туманидан. У бир гуруҳ тенгдошлари алдовларига учиб, қорамол ўғирлаш мақсадида босқинчилик жиноятини содир этган.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида С.Шомуродовнинг жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд жараёнида жамоат ҳимоячиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Шомурод Сатторов томонидан судланувчи С.Шомуродовга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш, келгусида ушбу фуқарони кафилликка олиш таклифи билдирилди ва бу ҳақда кафолат хати тақдим қилинди.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Суд унинг қилмишини ўзи тўла англамаган ҳолда содир этгани, муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга нисбатан қўлланилган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони бекор қилди ва судланувчи Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида суд залидан озод этилди.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

- Президентимга ўз миннатдорчилигимни билдираман, - дейди С.Шомуродов. – Катта хато қилдим. Ота-онам ва яқинларимни юзини ерга қаратдим. Лекин, яна бир бор менга имконият берилди. Ваъда бераман, келажакда юртимга нафи тегадиган етук кадр бўламан.

Top