Ўзбекистон | 22:11 / 20.02.2024
16702
4 дақиқада ўқилади

Пора олиш, фирибгарлик ва адолатсиз қарор чиқариш – терговга тортилган судялар қандай жиноятларни содир этгани айтилди

Олий судда ўтган тадбирда аввалроқ пора билан ушланиб, тергов натижаси номаълумлигича қолган судялар тақдири нима бўлгани ҳақида маълумот берилди. Бундан ташқари Олий суднинг икки нафар судяси ҳам аризаси асосидан ишдан бўшатилгани маълум бўлди.  

Пора олиш ва фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбли деб топилган собиқ судяларнинг барчасига суд ҳукми билан жазо берилган. Бу ҳақда Олий судда 2023 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти ҳамда суд тизимини янада такомиллаштириш бўйича келгусидаги вазифалар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.  

Матбуот анжуманида Kun.uz мухбири суд тизими масъулларига аксарият ҳолларда пора билан ушланган судяларга қандай чора кўрилгани ҳамда тергов ва суд натижалари нима бўлганидан жамоатчилик бехабар қолиши хусусида савол билан юзланди.

Жумладан, 2023 йилнинг 16 феврал куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судяси 4 минг доллар пора олаётганда, 2022 йил феврал ойида эса Юқори Чирчиқ туманлараро суди судяси шериги билан бирга 3 минг доллар олган вақтида қўлга тушган. Шунингдек, 2022 йилда Тошкентда ноқонуний эгалланган ер участкалари бўйича ишларни манфаатдорлар фойдасига ҳал қилиб берганлик учун Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича икки судясига жиноий иш очилган. Бироқ ушбу судяларнинг кейинги тақдири нима бўлгани жамоатчиликка очиқланмаган.

Саволга жавоб берган Олий суд раиси ўринбосар Икром Муслимовга кўра, ушбу судяларнинг барчасига жазо тайинланган.

“Ахборот берганмиз, яширмаганмиз. Судьялар борасида эса жамоатчиликда қизиқиш бўлмаган. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судяси Баҳриддин Икромов 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва жазони ижро этиш жойларида жазо муддатини ўтаяпти. Юқори Чирчиқ туман туманлараро суди судяси Тошпўлатовга 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган. У фирибгарлик жинояти содир қилган деб топилиб, зарар қоплангани учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо берилган. Шунингдек, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича икки судясига ҳам Жиноят кодексининг 231-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, озодликдан чеклаш жазосига судланган”, дея таъкидлаган Икром Муслимов  

Kun.uz журналистининг Олий суднинг собиқ судялари Эргашев ҳамда Феруз Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ҳақидаги саволига жавобан Икром Муслимов бу гаплар ёлғон эканлигини билдирган.

“Олий суд судялари Эгашев ва Турсунов иккаласи ҳам аризасига кўра ишдан бўшаган, ишдан олинмаган. Эргашев ва Турсунов адвокатлик билан шуғулланишга ҳаракат қилишаётгани хақида эшитдим. Уларга нисбатан бирор бир жиноя иши қўзғатилгани ҳақида гап йўқ. Ёпиқ ёки махфий кўрилган иш бўлсагина ошкор қилинмайди, қолган барчаси базамизда турибди”, деган Олий суд раиси ўринбосари.   

Матбуот анжуманида қайд этилишича, 2023 йилда Олий судда кассация инстанциясида шикоят (протест) асосида жами 13 571 та (5 130 та жиноят, 1 248 та маъмурий ҳуқуқбузарлик, 1 644 та оммавий-ҳуқуқий, 3 665 фуқаролик, 1 884 та иқтисодий) иш кўриб тамомланган.

Ушбу инстанцияда жиноят ишлари бўйича қуйи судларнинг 1 143 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган бўлса, 509 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича 421 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарори бекор қилинган, 186 нафар шахсга нисбатан чиқарилгани ўзгартирилган. Оммавий-ҳуқуқий ишлар бўйича 321 та, фуқаролик ишлари бўйича 486 та ҳамда иқтисодий ишлар бўйича 485 та суд қарори бекор қилинган.  

Такрорий кассация инстанциясида жами 646 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 402 таси жиноят, 22 таси маъмурий ҳуқуқбузарлик, 62 таси оммавий-ҳуқуқий, 65 таси фуқаролик ва 95 таси иқтисодий ишларга тааллуқлидир. 

Бахтиёр Тўхтаев
Муаллиф Бахтиёр Тўхтаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид