22:37 / 27.05.2018
6207

КХДРга Трамп ва Ким Чен Ин учрашувига тайёргарлик кўриш учун АҚШ делегацияси етиб келди

Шимолий Кореяга АҚШ ва Шимолий Корея етакчилари Дональд Трамп ва Ким Чен Ин учрашувига тайёргарлик кўриш мақсадида АҚШ делегацияси етиб келди. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда The Washington Post нашри маълум қилди ва делегация учрашувнинг ўтиши савол остида қолаётганига қарамай келганини таъкидлаб ўтган.  

АҚШ делегациясига АҚШнинг Жанубий Кореядаги собиқ элчиси, 2005 йилда Шимолий Кореяни ядровий қуролсизлантириш бўйича музокараларда иштирок этган Сон Ким бошчилик қилмоқда. У яқин орада Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Чхве Сон Хи билан учрашади.

АҚШ делегацияси таркибига, шунингдек, АҚШ миллий хавфсизлиги кенгаши аъзоси ва Жанубий Корея ҳамда КХДР масалалари бўйича мутахассис Элисон Хукер ва АҚШ мудофаа вазирининг Шарқий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Рэндалл Шрайвер ҳам кирган.

Маълум қилинишича, АҚШ вакиллари 28-29 май кунлари Шимолий Корея расмий вакиллари билан музокараларни давом эттирадилар. 

АҚШ ва Шимолий Корея етакчиларининг учрашуви 12 июнь куни Сингапурда ўтказилиши режалаштирилган.

Top