17:30 / 04.06.2018
7758

Энди CLICK ва MBank орқали хайрия қилиш, фитр ва закот бериш мумкин

CLICK компанияси “Вақф” хайрия ижтимоий фонди билан ҳамкорликда Ўзбекистонда мусулмонлар учун фарз бўлган ва бошқа тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш имконини ишга туширди. 

Ушбу тўловлар тизим фойдаланувчилари томонидан исталган пайтда ва исталган жойдан туриб амалга оширилиши мумкин. “Вақф” хайрия фондининг таклифига биноан, уларнинг хос хусусиятлари ва мақсадларига қараб ушбу тўловлар тизимда 3 тоифага ажратилган:

•  Хайрия
•  Вақф
•  Закот, Фитр, Ушр, Фидя

Ушбу категориялар бўйича қабул қилинган пул маблағлар “Вақф” хайрия жамоат фондининг махсус ҳисоб-рақамларига жойлаштирилади. Тўловлар исталган пайтда мобил телефондан турли интерфейслар орқали амалга оширилиши мумкин: USSD, “CLICK Uzbekistan” мобил иловаси ёки Telegram месенжери орқали.

1.  USSD орқали тўлаш учун *880*1100# сўрови терилиши ва юзага келган менюда керакли категория танланиши лозим. Шу билан бирга тўлов бош USSD-менюдаги (*880#) “To’lov” бўлимида “Хайрия” пункти орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

2.  “CLICK Uzbekistan” мобил иловаси орқали тўлаш учун “Оплата на местах” (“Жойларда тўловлар”) бўлимида “Хайрия” пунктини танлаш керак.

3.  @clickuz Telegram-ботида ушбу тўловлар “Тўловлар” бўлимидаги “Хайрия” пунктида жорий қилинган.

Шунингдек, «Вақф» хайрия жамоат фондига жисмоний шахслар томонидан амалга ошириладиган турли хайрия ва эҳсон тарзидаги тўловларни «MBank» тўлов тизими ва мобиль банкинг сервис иловаси орқали амалга ошириш имконияти яратилди.

Ушбу «MBank» тўлов тизими ва мобиль банкинг сервис иловасидан фойдаланувчилар барча турдаги хизмат ва тўловларни 24/7 тарзда амалга ошириш имкониятига эгадирлар.

Бунинг учун шахсий компьютерда интернет-браузер орқали www.mbank.uz сайтига кирган ҳолда «MBank» саҳифасида «Благотворительность» тугмаси босилади.

Сўнг «Хайрия» бўлимидан «Вақф» хайрия жамоат фонди саҳифасига ўтилади.

Тўлов амалга оширилиши учун шахсий банк пластик карта рақами ва амал қилиш муддати ва «Вақф» хайрия жамоат фонди саҳифасида тўлов миқдори (сумма) киритилади.

Тўлов амалга оширилиши учун банк пластик картага уланган телефон рақамига келган тасдиқловчи код (смс) киритилади. 

 

Top