Ўзбекистон | 11:20 / 25.04.2022
33374
2 дақиқада ўқилади

Закот ҳисоблаш бўйича онлайн калькулятор ишга тушди

Ислом динидаги мажбурий молиявий ибодат ҳисобланган закот ҳисоб-китобини осонлаштириш, тадбиркор ва инвесторлар учун турли бойликларидан закот ҳисоблашни амалга ошириш учун Zakotim.uz веб-сайти ишга тушди.

Фото: Kun.uz

Закотини ҳисоблашни истаган фойдаланувчилар унда нафақат нақд пул ва тиллаларидан, шунингдек, тижорат моллари, инвестициялари, кўчмас мулк, қарзлар ҳамда ўзлари юргизаётган бизнесдан ҳам закотларини қадамма-қадам ҳисоблашлари мумкин.

Закот калькулятори Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан фойдаланишга тавсия қилинган ва Тошкент ислом институти ўқитувчилари томонидан текширилган.

Закот калькулятори билан https://zakotim.uz/ веб-сайтида танишиш ва бепул фойдаланиш мумкин. Лойиҳанинг янгиликлари Telegram тармоғида эълон қилиб борилади.

Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати милодий 2022 йил учун закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдорини эълон қилган эди.

Унга кўра, закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 400 000 (тўрт юз минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги закот нисоби 34 000 000 (ўттиз тўрт миллион) сўм деб белгиланган.

«Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 34 миллион сўм ва ундан ортиқ маблағга ёки ушбу қийматдаги савдо-тижорат молига эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради», — дейилади Мусулмонлар идорасининг қарорида.

Мавзуга оид