08:39 / 07.06.2018
4907

Спортни ривожлантириш жамғармасига йиғимлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Фото: UA.News

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш
жамғармасига йиғимларни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасига йиғимларни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, йиғимлар пиво, ароқ ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи юридик шахслар учун татбиқ этилади.

Йиғимлар 2018 йил 1 июндан бошлаб бюджет таснифининг тегишли кодлари асосида очилган даромадлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлар орқали Жамғармага тўланади.

Йиғимлар объекти Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 232-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда аниқланадиган пиво, ароқ ҳамда тамаки маҳсулотларининг сотиш ҳажми ҳисобланади.

Йиғимлар суммалари йиғим тўловчиларнинг ҳисобварақ фактураларида акс эттирилмайди ҳамда йиғим тўловчиларнинг харажатларига олиб борилади.

Мазкур йиғимлар фойда солиғи солиқ солинадиган базани аниқлашда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чегирилади.

Давлат солиқ хизмати органлари Жамғармага йиғимлар тушуми ҳисобини йиғим тўловчининг шахсий карточкасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланган ҳамда тўланган суммаларини акс эттириш орқали юритади.

Давлат солиқ хизмати органлари йиғим тўловчилар томонидан йиғимларни ҳисоблаб чиқилиши ва ўз вақтида ўтказишлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторингни амалга оширади.

Ҳисобланган йиғимлар ўз вақтида тўланмаган тақдирда, йиғимлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.

Top