17:04 / 18.06.2018
40934

Фермер ишласинми ёки малака оширсин? Сенатор «Автотест» бўйича қарорга эътироз билдирди

Бир масала кўп сонли фермерларимизнинг бошини гангитиб қўймоқда. Гап шундаки, 2017 йил 4 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 693-сон қарори қабул қилинган эди, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев Facebook’да.

Ушбу қарорда 2018 йилнинг 1 январидан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги ва уларга малака оширганлиги тўғрисида “Avtotest Report” МЧЖнинг сертификати топширилиши белгиланган эди.

Шундан сўнг ҳукуматнинг мазкур қарорига бир неча марта ўзгаришлар киритилди. Натижада юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш фаолияти тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан 2018 йилнинг 1 августидан бошлаб амалга оширилиши белгиланган. 

Йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчиларнинг билимини ошириш ва уларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш бўйича масъулияти ҳамда жавобгарлигини ошириш мақсадида уларнинг малакасини ошириш катта аҳамиятга эга, албатта. Бироқ масаланинг яна бир жиҳати борки, у ҳақида жиддий ўйлаб кўриш ҳар томонлама фойдалидир. 

Бугунги кунда жойлардаги ўрганишларда, интернет тармоқларида, аҳоли билан мулоқотлар ва уларнинг мурожаатларида юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш борасида ўрнатилган тартибнинг ижроси билан боғлиқ қатор муаммолар кўтарилмоқда. 

Хусусан, ҳозир юртимизда рўйхатдан ўтиб фаолият юритаётган 303 минг 300 та юридик шахс ва 152 минг 689 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, улардаги автотранспорт воситаларини ҳайдовчи вазифасида ишловчи шахслардан ташқари раҳбарлари ёки ходимлари томонидан ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ишончнома асосида бошқарилиши, автотранспортлардан тижорат, шу жумладан, йўловчи ва юкларни ташиш мақсадида фойдаланилмаслиги инобатга олинмаган. 

Ёки юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги белгиланган бўлиб, йўл ҳаракати қоидаларини тез ва мунтазам ўзгармаслигини инобатга олганда, малака ошириш учун қисқа муддат, яъни икки йил белгиланган.

«Юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш тизимини танқидий ўрганиб, янада такомиллаштириш, шу жумладан, автотранспорт воситасидан тижорат мақсадида фойдаланмайдиган ва ҳайдовчи вазифасида ишламайдиган ходимларнинг малакасини ошириш масаласини қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ», - дея ёзади сенатор. 

Сабаби, фермерларимиз даласида айни иш қизиган бир маҳалда, йиғим-терим чоғларида малака ошираман, деб бой берган бир соати ҳам ҳосилни етиштиришда бир неча кунга кечикиш, кутилган ҳосилни ололмаслик каби муаммоларни келтириб чиқаради. 

Фермер — ҳайдовчи бўлмаса, машинадан эса ўз хўжалигида фойдаланса, у нега малака ошириши керак? Деҳқон ва фермер даласида ишласинми ёки малака оширсин? Бу масала нега эътиборга олинмаган? 

«Бизнингча, ўрмонга ўт қўйиб, ҳўлу қуруқнинг бирдай ёниб, кул бўлишига йўл қўймаслик керак...», - дея фикрини якунлаган сенатор.

Top