15:22 / 03.07.2018
4930

2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида дунё бўйлаб 66 журналист ўлдирилди

Фото: AP

2018 йилнинг январь-июнь ойларида дунёнинг 22 мамлакатида 66 журналист ҳалок бўлди. Press Emblem Campaign ноҳукумат ташкилотининг Женевада эълон қилган ҳисоботида шу ҳақда сўз боради. Ташкилот жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилар экан, можароли ҳудудларда фаолият юритаётган ОАВ ходимлари хавфсизлигини таъминлашда амалий чоралар кўришга чақирди. 

Таъкидланишича, 2017 йилнинг шу даврида 50 журналист ўлими қайд этилган эди. 

Ҳалок бўлган журналистларнинг 11 нафари Афғонистонда ҳаётдан кўз юмган. Мексикада 8, Сурияда 7, АҚШда 6 ва Яманда 5 журналист ҳалок бўлган. Ташкилот, шунингдек, Ҳиндистон, хусусан Кашмирда 4 журналистнинг ўлдирилгани борасида ташвиш билдирган. Бразилия, Эквадор ва Филиппинда 3 нафардан журналист ўлдириб кетилган. Ғазо сектори, Гватемала ва Покистонда 2 нафардан, Бангладеш, Колумбия, Ҳаити, Индонезия, Ироқ, Либерия, Никарагуа, Россия, Сальвадор ва Словакияда бир нафардан журналист ғаразгўйлар қурбони бўлган. 

2004 йили ташкил этилган Press Emblem Campaign БМТ ҳузурида маслаҳатчи мақомига эга. 

Top