13:10 / 07.07.2018
60435

«Аум Синрикё» асосчиси нима учун осиб ўлдирилди?

6 июл жума куни Японияда «Аум Синрикё» экстремистик сектасининг етти раҳбари осиб ўлдирилди. Улар орасида секта асосчиси, Сёко Асахара номи билан танилган Тидзуо Мацумото ҳам бор. У ўзини Исо деб атаган ва турли мамлакатларда минглаб муридлар орттирган. Асахара муридлари ёрдамида 1995 йилда Токио метросида газ ҳужумини амалга оширган ва 1980, 1990 йилларда кўплаб шафқатсиз ҳужумлар уюштирган.  

Камгап устоз

63 ёшли Асахара 13та жиноятда иштирок этишда айбланиб олий жазога ҳукм қилинди. Бу жиноятлар оқибатида ўттиз киши ҳалок бўлган.

Ўлим жазоси ҳақидаги ҳукмни Токио туман суди 2004 йил февралда чиқарган, 2006 йил сентябрда Олий суд бу ҳукмни тасдиқлаганди. Аммо ҳукмни ижро этиш бошқа гумондорларни суд қилиш туфайли ортга суриб келинганди. Суд жараёни 2018 йил 25 январгача давом этди.

Фото: ТАСС

Асахара билан биргаликда «Аум Синрикё»нинг яна 191 аъзоси қотиллик, суиқасд, одам ўғирлаш, асабни фалажловчи газ ва ўточар қуроллар ишлаб чиқаришда айбланди. Улардан 12 нафари ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Айрим маълумотларга қараганда, кейинги 10 йил давомида ҳибсда сақланган Асахара ҳар қандай учрашувларни рад этиб келган.

Адвокатлари билан учрашувларда ва суд мажлисларида Асахара кўпинча жим ўтирган ёки маъносини ҳеч ким тушунмайдиган сўзларни гапирган. Шу боис унинг ҳимоячиси Асахара муомалага лаёқатсиз эканлигини, уни суд қилиш мумкин эмаслигини билдирган.

Бироқ Олий суд адвокатнинг бу сўровини рад этган.

Сектанинг пайдо бўлиши

Асахара 1955 йилда Кюсю оролида туғилган. У 1984 йилда «Аум Шинсен-но-кай» («Маънан етук ва ғайритабиий кучга эга инсонлар жамияти») диний ташкилотига асос солган. Ташкилот кейинчалик «Аум Синрикё» деб номланган. Тўрт йилдан сўнг унинг издошлари сони 3-4 минг кишига етган.

Унинг муридлари нафақат Япония, балки АҚШ ва Россияда ҳам бор эди.

У тарафдорларини ҳиндлар маъбуди Шиванинг қайта туғилган қиёфаси эканлигига ишонтирган (Асахара ўзини «Токио Исоси» ва «Муқаддас папа» деб ҳам атаган) ва улардан барча мол-мулкларини унга беришни талаб қилган. Асахара ўз таълимотини барча динларнинг умумлашмаси деб эълон қилган.

Айтишларича, унинг издошлари аксарият вақт давомида овқатланиш, ухлаш ва яқинлари билан суҳбатлашишдан воз кечишган. Натижада улар мунтазам равишда ярим гипноз ҳолатида юришган, иродалари сустлашган.

Фото: РИА Новости

«Аум Синрикё» сафида шифокор ва олимлардан иборат олий маълумотли кишилар ҳам бўлишган ва уларнинг айримлари жиноятларда иштирок этишган.

Секта аъзолари телевидение орқали тез-тез чиқишлар қилиб, ўз ташкилотлари ҳақида сўзлаб беришган. ОАВ уларга одамлар онгига таъсир кўрсатишларида ёрдам берган.

Суд стенограммаларига кўра, Асахара қиёматдан қочиб қутулиб бўлмаслигини, у ўлдирган инсонлар эса жаннатга тушишини таъкидлаган.

Шафқатсиз қотилликлар

1989 йил ноябрида адвокат Цуцуми Сакамото бутун оиласи билан ўлдирилади. Юрист бир неча кишига фарзандларининг Асахара таъсиридан қутулишига ёрдам берганди. Уни хотини ва бир ёшли ўғли билан биргаликда бўғиб ўлдиришади.

1990 йилда Асахара ва унинг 24 шериги вакиллар палатасига сайловларда мағлуб бўлишгач, секта асосчиси қасос режасини тузди.

Фудзияма тоғи этагидаги қишлоқлардан бирида «Аум Синрикё» заҳарли зарин гази ва ўточар қуроллар ишлаб чиқариш билан шуғуллана бошлади.

1994 йилда гуруҳ аъзолари бу газдан Мацумото шаҳридаги туманлардан бирида фойдаланишди. Сектага қарши даъвони кўраётган судья ҳужумга учради. Бундан ташқари, ташкилот ўзи ишлаб чиқарган қуролни текшириб кўрмоқчи эди. Оқибатда саккиз киши ҳалок бўлди, 600 киши жароҳатланди.

Кейинги йили зарин Токио метросида қўлланилди – ташкилотнинг 15 аъзоси газли пакетларни бешта турли поезд вагонида одам гавжум бўлган вақтда тешиб қўйишди. Натижада 6 мингдан ортиқ киши заҳарланди, 13 киши қурбон бўлди.

Тез орада Асахара ҳибсга олинди ва 1996 йилда суд эшитувлари бошланди.

Ниҳоят, 6 июл куни секта асосчиси қатл этилганидан сўнг  «Аум Синрикё» фаолиятидан жабрланганлар енгил нафас олишди. Аммо бу ҳали ҳаммаси тугади дегани эмас – ташкилот 2000 йилда «Алеф» номи билан қайта фаолият бошлаган деб ҳисобланади.

Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёсихидэ Суга «Алеф» аъзолари полициянинг қатъий кузатувида эканлигини билдирди. 

Дарвоқе, «Аум Синрикё» билан алоқадор яна бир гуруҳ мавжуд. Уни 2007 йилда Асахаранинг собиқ тарафдори Фумихиро Жою ташкил этган. 

Маҳаллий ҳуқуқ органлари маълумотларига кўра, «Аум Синрикё» билан алоқадор гуруҳлар тарафдорлари Японияда 1650га яқин кишини, Россияда 460 кишини ташкил этади. Уларнинг маблағи 1 млрд иен ($9 млн)дан ошади.

«Аум Синрикё»нинг тарафдорлари неча киши эканлигини эса  айтиш қийин. Айни пайтда уларнинг сони 60 мингга етганлиги тахмин қилинади.

Россиядаги фаолият

Катта Россия энциклопедиясидаги маълумотларга кўра, 1994 йилда секта тарафдорлари сони 40 мингга яқин кишини ташкил этган. 1992 йилда Асахара Россияга келган ва маърузалар ўқиган.

1995 йилда Токио метросида юз берган ҳужумдан сўнг Останкино суди ташкилотни ёпиш тўрисида қарор чиқарган. Шундан сўнг ташкилотнинг уч нафар раҳбарига фуқаролар ҳуқуқлари ва шахсиятига дахл қилиш айблови эълон қилинган. Аммо улар суд қилинмади – 1998 йилда улар жамиятга хавф туғдирмайди деб топилди.

Фото: Интерфакс

2000 йилда Владивостокда Японияда теракт амалга оширишга тайёргарлик кўрган Асахара тарафдорлари қўлга олинди. 
2016 йилда Россия Олий суди «Аум Синрикё»ни террорчи ташкилот деб топди ва унинг фаолиятини тақиқлади.

Хавф сақланиб қолмоқда

Россия дин ва секталарни ўрганиш ассоциациялари маркази президенти Александр Дворкиннинг айтишича, ҳозирда мазкур ҳаракат тарафдорлари 3 минг атрофида, лекин аниқ рақамни айтиш қийин.

«Секта яширин фаолият юритади, бундан ташқари турли даражадаги аъзолар бор: кимдир сектанинг тўлақонли аъзоси, яна кимдир қисман аъзо», — деди эксперт.

Унинг айтишича, секта аъзолари интернет орқали одамларни жалб этади ва одатда бўлажак қурбонларни «йога курслари»га таклиф этишади. Сўнгра қизиққанлар аста-секин етти босқичли синовдан ўтиб, сектага қамраб олинади.

Top