08:16 / 11.07.2018
11822

Япон компанияси поездни бор-йўғи бир дақиқага тезлаштириш учун 2 йил сарфламоқчи

Фото: Nikkei

Япониянинг JR East темир йўл компанияси йўловчиларга Уэно станциясидан Омия станциясигача бир дақиқа тезроқ етиб олишга имкон берувчи икки йиллик қурилишни бошлади. Поездни тезлаштириш учун муҳандислар темир йўл рельслари атрофида товушни ютувчи панеллар ўрнатишади. Бу ҳақда Nikkei нашри маълум қилди.  

Кўринишича, JR East учун станциялар ўртасидаги қатновни бир дақиқага тезлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бироқ бунинг учун поездлар тезлигини ҳозирги 110 км/соатдан 130 км/соатгача ошириш лозим.

Компания муҳандислари 10 йилдан олдинроқ буни амалга оширишга ҳаракат қилишган, бироқ темир йўл яқинида жойлашган уйлар аҳолисининг норозилигига учрашган. Юқори тезликда поездлар жуда шовқин овоз чиқарган.

Энди компания темир йўл яқинидаги одамлар яшовчи ҳудудлар атрофида товушни ютувчи панеллар қуришга 2 йил сарфламоқчи. Шундан кейин поездлар 130 км/соатгача тезлаша олади ва бу уларни максимал бир дақиқага тезлаштира олади: станциялар ўртасидаги масофани эса ҳозирги 30 дақиқа ўрнига 29 дақиқада босиб ўтиш мумкин бўлади. 

Кўринишича, лойиҳа катта сармоя талаб қилмайди, бироқ анчагина вақт олади. Компанияда бу йўловчилар оқимининг жиддий ошишига ёрдам беришига ишонилмоқда.

“Биз вақтни бир дақиқага камайтириб, йўловчилар сонининг ошишига катта қадам босамиз”, деб айтган компания вакили.

Top