19:07 / 11.07.2018
25018

Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистонда янги масжид қуриш масаласига тўхталиб ўтди

Жорий йилнинг 11 июль куни Халқаро Пресс-клубнинг «Вақф: хайрия маблағлари бошқарувига шаффоф ёндашув» мавзусида сессия бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда янги масжидлар қуриш ва барпо этиш масаласи, шунингдек, эҳтиёжлари таҳлил этилди.

«Ўзбекистон ҳудудида янги масжидларни барпо қилиш, қуриш, деган таклифлар берилмоқда.  Бу қанчалик тўғри, ҳозирги кунда янги масжидларга қанчалик эҳтиёж бор?», деб савол билан юзланди сессия модератори Жалолиддин Усмонов.

Жалолиддин Усмонов
Фото: Халқаро Пресс-клуб

«Одамлар катта маблағлар билан келишяпти. « Рухсат беринг, мен дадамнинг номига масжид қурмоқчиман», дейди. Нега бундай бўляпти, атрофда масжидлар борми, десак, «Бор», дейди. Мана, иккита маҳаллага масжид етарли, лекин мен ният қилганман, дейди. Савобини олиб, отамизнинг ҳақига дуо олайлик, дегувчилар кўп.

Бошқа жиҳатдан олиб қарасак, одамларнинг масжидга бўлган фаоллиги жуда яхши, савоб қилмоқчи. Лекин, савобнинг ҳаммасини қандай қилиш керак? Қуръон ёки ҳадисда фақат масжид қурсагина савоб олиниб, бошқа савобталаб масалалар йўқми?

Бу борада одамларда маънавий ҳамда диний билимлари етишмаяпти. Бизда ҳозир қанча кўприк қурилиши керак бўлган жойлар турибди, боғчалар керак. Эҳтиёжманд оилалар, уйсиз, боқувчиси йўқ кишилар бор. Биз қанча-қанча савобларни бой беряпмиз.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Бир киши ҳонақоҳ сиғими 10 минг киши учун мўлжалланган масжид қураман деяпти. Майли, бориб ўрганяпмиз, бу ерда ўзи эҳтиёж борми, ким чиқади масжидга десак, «Ҳа, энди яхши ният қилиб, қуриб қўяверайлик, бир гап бўлар», деяпти. Пешин намозида ўша ерда эдик, 10 киши келди», — деб саволга жавоб берди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан.

Абулҳасанга кўра, кишилар шаклга берилиб кетмоқда, шу ўринда мазмун унутилмоқда. Янги қурилган масжид атрофида ногирон, боқувчисини йўқотган, пулга муҳтож, кам таъминланган оилалар яшаса, қандай қилиб бунёдкорларнинг ичи чиқади?!

«Масжидни қуришга талпинаётган маблағдор шахслар хайриясини вақфга йўналтириши мумкин. Вақфнинг савоб экани, унинг ўлчови ҳам йўқлигини тўғри тарғиб қилиш керак», — дейди Абулҳасан.

Нуриймон Абулҳасан
Фото: Халқаро Пресс-клуб
Top