Жаҳон | 13:42 / 01.08.2018
9163
3 дақиқада ўқилади

АҚШ билан савдо уруши Хитой учун шунчаки машғулот вазифасини ўтайди – сиёсатшунос

Фото: iStock

Вашингтон ўзи учун рақиб деб биладиган Хитойдаги модернизация жараёнини тўхтатиш мақсадида Пекин билан савдо урушини бошлади. Аммо Хитой учун бу уруш ҳаёт-мамот масаласи эмас, балки "шунчаки ички органларни мустаҳкамлаш машғулоти" бўлади, деб ҳисоблайди хитойлик сиёсатшунос Си Манань.

"Биринчидан, АҚШнинг Хитой билан савдо урушининг савдо дефицитига ҳеч қандай алоқаси йўқ, Дональд Трамп маъмурияти уни шунчаки баҳона сифатида танлаган. Ушбу савдо урушининг асосий хусусияти бу АҚШнинг ХХР модернизациясини тўхтатиш мақсадида Хитойни шантаж қилаётганлигидир", — деди эксперт. 

Унинг айтишича, "Бу АҚШга унинг гегемонлик мақомини сақлаб қолишини таъминлаш учун зарур ва Америкадаги ҳар икки партия савдо урушини бошлаш зарурлиги борасида муросага эришишган. Хитой мавжуд келишмовчиликларни ЖСТ орқали ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда, аммо АҚШ ЖСТ қоидаларини бузмоқда ва бошқа йўл излашга уринмоқда".

У шунингдек, " Хитой учун АҚШ билан савдо уруши ҳаёт-мамот масаласи эмас, балки шунчаки ички органларни мустаҳкамлаш машғулоти" эканлигини таъкидлади. 

Унинг айтишича, "Хитой ўз ишлаб чиқаришини янги даражага кўтармоқда, мунтазам равишда ислоҳотлар сиёсатини ўтказмоқда, келажакда бу Хитой маҳсулотларининг улкан рақобатбардошлигига олиб келади. АҚШ бир неча йилдан сўнг қандай хатога йўл қўйганлигини англаб етади".

Таҳлилчи АҚШ томонидан босимга дуч келаётгани боис бошқа давлатларнинг қўллаб-қувватловини кутмоқда.

"Аммо Вашингтон Хитойни сиқаётган замонавий дунёда Хитойни маънавий қўллаб-қувватлайдиган ва бирдамлик кўрсатадиган ягона давлат Россиядир, шунинг учун Хитой ва Россиянинг стратегик ҳамкорлиги ҳар қачонгидан муҳим", — деди Си Манань.

"АҚШ ва қатор Европа давлатлари Хитойга бозор иқтисодиёти мақомини бермасликка уринмоқда. Гўёки уларгина бозор иқтисодиётининг дунёвий андозасига эга ва фақат уларгина ана шу андозадан келиб чиқиб "рухсатнома берадигандек" таассурот уйғонади", — деди у.

Хитой ва АҚШ ўртасидаги "савдо уруши" шу йилнинг 6 июлида ўзаро оширилган бож тўловлари жорий этилганидан кейин бошланди. Апрель ойи бошида Қўшма Штатлар Хитой Америка маҳсулотларига бўлган интеллектуал ҳуқуқларни бузгани учун 1,3 мингта Хитой маҳсулотларига импорт божи киритишини маълум қилганди.

Ўз навбатида Хитой давлат кенгаши штатлардан импорт қилинадиган 106 номдаги маҳсулотга 25 фоизлик божларни жорий этишга қарор қилди. 

Июнь ойи ўрталарида АҚШ ХХРда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга 25 фоизлик бож жорий этди, бу Америкага импорт қилинадиган Хитой маҳсулотларининг ўндан бир қисмига нисбатан қўлланилди. 

Хитой ҳам ўз навбатида АҚШдан импорт қилинадиган 659 номдаги маҳсулотга 25 фоизлик кириш божи жорий этишини маълум қилди. 

Мавзуга оид