17:10 / 03.08.2018
31500

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига янги раҳбар ва унинг ўринбосари тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги Фармонига асосан Дилшод Фахриевич Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди.

Фото: Дилшод Фахриевич Раҳимов

Дилшод Раҳимов 1978 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

У прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаментда бошлаб, Департамент органларида турли лавозимларда, 2012 йилдан Бош прокуратура бўлим прокурори, катта прокурори, бошқарма катта прокурори, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

Аввал Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. У эндиликда Бош прокурор ўринбосарига айланган Акмалхўжа Мавлонов ўрнида иш бошлайди.

Ўз навбатида, Раҳимовга биринчи ўринбосар тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2018 йил 2 августдаги буйруғига асосан Умиджон Салимович Муҳамедов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Фото: Умиджон Салимович Муҳамедов

Умиджон Муҳамедов 1976 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1998 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1998 йилда Тошкент ҳарбий прокуратурасида бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2010 йилдан Бош прокуратура бўлим катта прокурори, бўлим бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи, Оҳангарон туман прокурори лавозимларида фаолият юритган.

У бунгача Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2018 йил 2 августдаги буйруғига асосан Жамол Алишерович Ачилов Умиджон Муҳамедов ўрнига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Фото: Жамол Алишерович Ачилов

Ачилов 1982 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

У иш фаолиятини 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги иқтисодий қонунчилик бошқармасида бошлаб, Адлия вазирлигида турли лавозимларда, 2015 йилдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул лавозимларда фаолият юритган.

Аввал Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси божхона ва солиқ соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Top