08:50 / 14.08.2018
19501

Янги низом лойиҳаси: ОТМ битирувчиларининг якуний давлат аттестациясидан ўтишлари мажбурий

Фото: Depositphotos

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ўқув жараёни жадвалига мувофиқ ўтказилади.

Якуний давлат аттестацияси олий таълим муассасасидаги ҳар бир таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича ташкил этиладиган якуний давлат аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Якуний давлат аттестацияси комиссияларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

битирувчининг билим, малака ва кўникма даражасининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ келишини комплекс баҳолаш;
якуний давлат аттестацияси натижалари бўйича битирувчиларга бакалавр (магистр) академик даражасини бериш масаласини ҳал қилиш;
комиссия фаолияти натижаларини таҳлил қилиш ва улар асосида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Якуний давлат аттестацияси таълим йўналиши (мутахассислиги) ўқув режаларига мувофиқ қуйидаги турлардаги бир ёки бир неча аттестация синовларидан иборат:

таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича фанлараро якуний аттестация синови;
диплом лойиҳаси, битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёки ихтисослик фанларидан якуний аттестация синови.

Якуний давлат аттестацияси комиссиялари раислигига номзодлар олий таълим муассасалари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Якуний давлат аттестацияси синовлари ёзма, тест ёки оғзаки усулда ташкил этилади ва ушбу тартиб олий таълим муассасаси Кенгаши қарори асосида таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан белгиланади ҳамда якуний давлат аттестацияси бошланишидан олти ой олдин талабалар эътиборига етказилади. Талабалар синов ўтказиладиган фанлар дастурлари билан таъминланадилар, уларга тайёргарлик кўриш ва маслаҳатлар бериш учун зарур шароитлар яратилади.

Якуний давлат аттестациясига тегишли ўқув режа ва фанлар дастурларини тўлиқ тугатган ва ўқув режасида назарда тутилган барча синовлардан муваффақиятли ўтган талабалар қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчилари тегишли таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштиргандан кейин якуний давлат аттестациясидан ўтишлари мажбурийдир.

Top